Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 2 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi


ТАДБИРКОРЛАРГА СУЯНЧ ВА ТАЯНЧ БЎЛАМИЗ!

×

 2019-11-18 16:14:09    679

PDF yuklash
Chop etish


Қува тумани ҳокимлигининг тадбиркорларга

МУРОЖААТИ


             Азиз ҳамюртлар!

             Мухтарам юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида 2019 йил 7 ноябр кунги “Жорий йилда давлат бюджетига тушумлар прогнози ижросини таъминлаш, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жойларда янада ривожлантириш” масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселекторда Мухтарам Президентимиз томонидан кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш тўғрисида айтган фикрлари соҳада фаолият юритаётган кишиларнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшди, десак муболаға бўлмайди.

Аҳолиси деярли 255,0 минг нафарга етаётган туманимиз ҳар жиҳатдан вилоят миқёсида муносиб ўринга эга. Жумладан, тадбиркорлик борасида ҳам. Биргина кичик бизнес субъектларининг туман саноат маҳсулотларидаги улуши 49,1 фоиздан ошди.

Аммо ҳали жамиятимизда фаол тадбиркорлик маданиятини шакллантириш, вилоятимизнинг барча ҳудудларида юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, Ватанимиз тақдири ва истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, замонавий ва фаол тадбиркорлар сафини кенгайтиришимиз зарур.

Туманимиз маркази ва қишлоқларимизнинг чиройи, ижтимоий соҳаларнинг ривожланиб бориши ва такомиллашуви, одамлар ҳаётининг фаровонлашуви – буларнинг ҳаммасида Сиз, азиз тадбиркорларнинг ҳиссангиз катта. Сиз тўлаётган солиқлар туфайли мамлакат бюджети ўсиб боряпти ва бу маблағлар Ватан равнақи, халқ фаровонлигига йўналтирилмоқда. Ўзини шу юрт ва халқнинг асл фарзандиман деган ҳар бир тадбиркор фаолиятини кенгайтириш мамлакатимиз истиқболига хизмат қилишини англаб турганига шубҳам йўқ.

Ўзбекистонда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг қонуний асослари яратилиши туфайли мамлакатимиз дунёдаги энг яхши 20 та ислоҳотчи давлатлар қаторидан жой олди.

 

Азиз Қуваликлар!

Қадим-қадимдан халқимиз зиёли ва тадбиркор бўлган. Тадбиркорлик қобилиятини ривожлантиришда Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури муҳим аҳамият касб этмоқда. Унга кўра, жорий йилнинг январь-октябрь ойларида аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида тумандаги 2483 нафар фуқароларга 37,1 млрд.сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Тикувчилик, чорвачилик, ёғочсозлик каби соҳаларга ихтисослашган ўнлаб оилалар элга танилди. Уларда “Устоз-шогирд” лойиҳаси доирасида минглаб ёш йигит-қизлар ҳунар ўрганмоқда.

Натижада юзлаб муҳтож оилаларда уй меҳнати, касаначилик ва бошқа турдаги тадбиркорлик ташкил этилди. Ўз навбатида шу йўл билан оилаларнинг қўшимча даромад манбаи яратилди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, биз асосий эътиборни кафолатланган иш ўрни ташкил этадиган ва ялпи ички махсулот ҳажми ошишига таъсир кўрсатадиган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратамиз.

     Ҳурматли тадбиркорлар!

Сизнинг фаолиятингизни ривожлантириш, самарадорлигини ошириш, янги ишчи ўринлар яратиш борасидаги ҳаракатларингизни қўллаб-қувватлаш учун тумандаги 4 та сектор раҳбарлари ҳамда барча даражадаги раҳбарларнинг кичик бизнес соҳасини ривожлантириш борасидаги иш услуби тубдан ўзгартирилмоқда. Бундан буён ҳокимият вакиллари 70 фоиз иш вақтини тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантиришга сарфлайди, ҳафтанинг душанба, сешанба ва чоршанба кунлари фақатгина тадбиркорлик масалалари билан шуғулланади.  

Шу кунга қадар, 4 та сектор раҳбарлари ҳамда идора ва ташкилот раҳбарлари томонидан ўтказилган сайёр қабуллар давомида ҳамда 200 га яқин тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувларда тушган 50 тадан ортиқ мурожаатлар, Бош вазир қабулхонасига тушган 96 та муаммоли масалалар ижобий ҳал этилди.

Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тумандаги Тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарида тадбиркорлик фаолиятидаги мавжуд муаммоларни ўрганиб борувчи доимий Штаблар фаолияти йўлга қўйилди.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, туманимизда 480 та юридик шахслар ва 605 та ЯТТлар фаолият кўрсатмаяпти. Биз биринчи навбатда уларнинг фаолиятини тиклашга кўмаклашиш вазифасини олдимизга қўйганмиз. Шу кунгача уларнинг 90 таси фаолияти қайта тикланиб, ҳозирги кундан 100 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди. Бундан ташқари, 182 нафар субъектлар фаолиятини бошқа давом эттирмаслигини ёки бошқа фаолият билан шуғулланишини билдиргани сабабли давлат реестридан чиқарилди, 239 тасига Суд идораларига даво аризалар киритилди.

Тадбиркорлар дуч келадиган муаммолардан бири уларга ер-мулк ажратиш билан боғлиқ. Муаммо ечими йўлида қўйилган дастлабки қадамлардан бири шуки, туманимизда бўш ер участкалари электрон аукцион савдога чиқарилмоқда. Шу йилнинг ўзида 5,8 гектар 15 та бўш ер участкалари электрон аукцион савдога жойлаштирилди.

Яна бир гапни айтмоқчи эдим, шу пайтга қадар кредитлар айниқса, имтиёзли кредит маблағлари мурожаат қилган “муҳтож” тадбиркорларга бериб келинди. Бундан буён иш ўринлари мавжуд ишлаб чиқариш ташкил этиш “хоҳиши бор” тадбиркорга устуворлик берилади. Мақсадимиз кредит маблағларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйишдир.

Маълумки, шу кунгача тадбиркорга кредит ажратилиши масаласида банклар ўзининг вилоят, республика раҳбарияти хулоса ва тасдиғини олиши зарур эди. Муҳтарам Президентимизнинг топшириқлари асосида бундан буён вилоят, республика банклари ваколатларини туман, шаҳар банкларига бериш йўли билан ортиқча қоғозбозлик ва сарсонгарчиликларга барҳам берилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Жорий йилни Фарғонада саноатни ривожлантириш ва инвестиция олиб кириш йили бўлади ва уни Фарғона тажрибаси деб атаймиз” дегандилар.

Биргина рақам келтирмоқчиман, жорий йилнинг ўтган даврида туман иқтисодиётига 6,5 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.

Бугунги кунда вилоятда 15 та хорижий инвестиция иштирокидаги қўшма корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Йил якунига қадар уларнинг сонини 20 тага етказиш бўйича ишларни ташкил қилмоқдамиз. Сиз азиз тадбиркорларга мурожаат қилиб, шуни айтмоқчиманки, ҳар бирингиз ана шу қўшма корхоналарнинг муассисларидан бири бўлиш имкониятингиз бор. туманимизга Хитой, Корея, Миср, Россия каби кўплаб давлатлардан сармоядорлар маҳаллий ҳамкорларни излаб келиб туришибди. Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилаётган “Бизнес форум” ва ярмаркаларда фаол иштирок этиб, ўзингизга ҳорижий ҳамкор танлаб, замонавий технологияларга асосланган ишлаб чиқариш корхоналари бунёд этишингизни ҳамиша қувватлаймиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йилнинг 6-7 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида туманимизнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти тўғрисида  фикр юритиб ҳалқимизни азал-азалдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришдаги миришкорлиги, меҳнатсеварлигини алоҳида эътироф этиб, ишонч билдириб, 2020-2021 йилларда бошоқли дон экинлари майдонларини қисқартириб, уларнинг ўрнида 2 минг гектарда анорчилик кооперацияларини ташкил этиш бўйича таклифларини берганликлари биз Қуваликларни янада қаттиқроқ меҳнат қилишга ундайди. Мақсад фақат мева етиштириш эмас, уни сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш каби тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ йўналишларни ҳам ташкил этишдир. Ишонаманки, сиз, менинг тадбиркор дўстларим бу соҳада ҳам фаоллик кўрсатасиз.

Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, шахсан мендан тортиб, барча сектор раҳбарлари, хизмат кўрсатиш идоралари, хатто жамоат ташкилотлари ҳам тадбиркорга хизмат қиладилар. Ҳар бир идоранинг кун тартибида устувор масала – тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини ҳал қилиш бўлади.

Тадбиркорликни ривожлантиришда ҳар жойнинг ўз хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ихтисослашувни ташкил этиш заруратга айланди. Туманда аҳоли жон бошига саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ўртача 2,4 млн.сўмни ташкил этмоқда. Аммо бу кўрсаткич вилоят даражасидан юқори эмас. Демак тадбиркорликни ривожлантиришга қўшимча шарт-шароит яратишимиз зарур.

Туманимизда мевани қайта ишлаш корхоналари ташкил этиш, логистик марказ очиш учун қулай шароитлар мавжуд. Мавжуд тадбиркорлик субъектлари, энди фаолиятини бошламоқчи бўлган тадбиркорлар бу соҳаларга жиддий эътибор беришларини сўраймиз.

Биламан, ҳар қандай ишлаб чиқариш ёки тадбиркорликнинг бошқа йўналишларини амалга ошириш газ, сув, электр таъминоти каби масалалар билан чамбарчас боғлиқ. Мамлакатимизда бўлгани каби туманимизда ҳам бундай ресурслар билан энг аввало тадбиркорлик субъектлари таъминланмоқда. Ишонинг, мен туман ҳокими сифатида бу масалада тадбиркорлик фаолиятини бошлаган инсонларнинг энг яқин кўмакчисиман.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 июнь куни “Кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятимиз шаҳар ва туманларидаги барча кичик саноат зоналари вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Кичик саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекцияси” тасарруфига бирлаштирилди.

Айни дамда туманимизда умумий майдони 15 гектардан иборат 3 та кичик саноат зоналарида, қиймати 6,5 млрд. сўм бўлган 4 та лойиҳаларни ишга тушурилиши режалаштирилган.

Ҳали бу кичик саноат зоналарида ўзлаштирилмаган қувватлар, имкониятлар тадбиркорларни кутмоқда. Ушбу кичик саноат зоналарига яна юзлаб тадбиркорлар ўз лойиҳаларини жойлаштиришлари, яратилган қулай шароит ва имтиёзлардан фойдаланишлари мумкин. Билиб қўйинг, ҳар бир лойиҳа шахсий назоратимиз остида бўлади. Лойиҳани ишлаб чиқишдан, то уни амалга оширишгача бўлган барча жараёнда бевосита кўмак бериш биринчи галдаги вазифамиздир.

Бир нарсани англашимиз керак: Сизнинг лойиҳангиз – туманимизнинг эртанги келажаги ва аҳолимиз фаровонлигининг кафолатидир. Сиз туфайли туманда ишсизлик қисқаради, даромадлар ошади, оилаларимиз, аёлларимиз ва фарзандларимиз турмушидан миннатдор бўлиб, ўз юртида ҳаловат топади.

Келаётган 2020 йилга режаларимиз янада катта. Ҳар бир ҳудудни жадал ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширамиз.

Тадбиркорга давлат ва ҳуқуқ назорат идоралари илгари “ўгай” кўз билан қарагани сир эмас. Бундай муносабат маълум муддат одамларда тадбиркорликка қизиқишни сусайтирди. Аммо энди ҳеч қачон бундай бўлмайди. Тадбиркорликка ортиқча аралашувларнинг олдини олиш, давлат органлари билан муносабатлар текшириш эмас, балки тадбиркорликка фақат ва фақат ёрдамлашиш нуқтаи назаридан қурилади. Ҳар бир тадбиркорнинг мулки даҳлсиз, ҳеч бир тадбиркордан турли сабабларни важ қилиб, унинг мулки тортиб олинмаслиги ёки бузилмаслиги кафолатланади.

Тадбиркорни ўз ишидан қолдириб мажлисбозлик қилишга бутунлай чек қўйилади.

Тан олиш керак. Баъзида тадбиркорга унинг ихтиёрига қарамай ҳомийлик қилиш каби вазифалар ноўрин равишда юкланган. Мен Қува тумани ҳокимлиги номидан шуни алоҳида таъкидлаб ваъда бераманки, бундай ҳолатга ҳеч қачон йўл қўйилмайди. Тадбиркор мулки ва маблағини ўз инон-иҳтиёри билан тасарруф этади. Бирон бир идора уни фаолиятига аралашмайди, унинг амалий-молиявий ҳолатини ноқонуний текширишларига батамом чек қўйилади.

Муҳтарам тадбиркорлар!

Тадбиркорлар олдида бундан кейин ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаслиги учун ҳудуддаги барча раҳбарлар,Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14-майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини куллаб-кувватлаш ва химоя килиш тизимини тубдан такомиллаштириш, чора-тадбирлари тугрисида”ги ПФ-5718 сонли  фармонига асосан, Қува туманидаги Узбекистон Республикаси Бош Вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасида тадбиркорларни, шу жумладан, чел эллик инвесторларни кунлик кабул килиш бўйича тузилган ишчи гурух билан хамкорликда тумандаги барча рахбарлар томонидан хафтада камида 1 нафардан кам бўлмаган миқдорда, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатилганлиги юзасидан шахсан ҳоким томонидан назоратга олинади.

Президентимизнинг “Иккита иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтараман” деган сўзлари ҳар бирингизга қўш-қанот бўлсин.

Юқорида таъкидлаганимдек туманимизнинг барча бошқарув идоралари масъуллари, мен – туман ҳокими сизларнинг энг яқин кўмакдошингиз ва ёрдамчингиз бўламиз деб кафолат бераман. Бутун куч, бор билим ва тажрибангизни тадбиркорликни ривожлантиришга сарфланг! Бирон бир муаммо, таклиф туғилганида менинг эшигим Сиз учун ҳамиша очиқ.

Қувамизни янги Ўзбекистоннинг энг ривожланган туманига айлантириш йўлидан биргаликда борайлик!

Қува тумани сектор раҳбарларининг телефон рақамлари:

Қурбонов Равшанбек Хайдаралиевич – 1-сектор раҳбари. Қува тумани ҳокими.

Тел: 90-902-01-44

Маматалиев Ахдхамжон Асқарович       – 2-сектор раҳбари. Қува тумани Прокурори.

Тел: 90-994-71-33

Асқаров Дилмурод Қобилович – 3-сектор раҳбари. Қува тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи.

Тел: 91-111-20-11

Мақсудов Носиржон Муродилович – 4-сектор раҳбари. Қува тумани Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи

Тел: 91-114-10-40