Appeals of legal entities and individuals received through the website
Total appeal: 38Statistics phone helpline
Конституция – тараққиётимиз пойдевори
2022-12-06 16:23:52 357
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳалқимизнинг озод ва обод яшаш, меҳнат қилиш, илм олиш, фикрлаш, сўзлаш, сайлаш ва сайланиш, никоҳ тузиш, тиббий хизмат турларидан, турар жой дахлсизлигидан, тил ва дин эркинликларидан фойдаланиш ҳуқуқларининг асосий кафиллигини олувчи Бош қонун сифатида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини олий даражага кўтарди. Унда давлат ҳам, жамият ҳам, аввало, инсон манфаатларига хизмат қилиши, унинг ҳақ-ҳуқуқларини химоя этиши - устивор тамойил сифатида белгилаб қўйилди.
Бош қомусимизнинг энг халқчил, энг демократик ва ўта нуфузли Конституция сифатида жаҳондаги барча илғор ва тараққий топган давлатлар томонидан тан олиниши, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро Конвенцияларга мувофиқ деб эътироф этилиши, унинг том маънода халқчиллигидан далолат беради. Кези келганда айтиш жоизки, Асосий қомусимизга берилган баҳо ҳар биримиздан, Ўзбекистон фуқароси деган юксак номни шараф билан оқлашни тақозо этади, масъулият ҳиссини уйғотади. Озод ва обод Ватанимизнинг порлоқ келажаги йўлида қаҳрамона меҳнат қилишга чорлайди.
Конституциямизнинг жуда юқори савияда, жаҳон қонунчилиги ва андозалари ҳамда кўп асрлик миллий урф-одатларимиз, ўчмас қадриятларимиз асосида яратилганлиги, жаҳон тарихида катта мавқега эга бЎлган бобокалонларимиз Бурхониддин Марғилоний, Имом Ат-Термизий, Ал Бухорий, Амир Темур, Абдурауф Фитрат сингари кўплаб алломаларнинг тарихий тажрибалари ва инсонпарварлик ғоялари чуқур синдирилганлигини унинг ҳар бир моддасидан англаш мумкун. Конституцияда халқимиз кўнглидаги адолат, ҳақиқат, иймон, олижаноблик, бағрикенглик ва мардлик каби улуғ ҳислатлар ўрин олган.
Конституция асосий қонун сифатида давлатимизнинг қиёфасини ўзининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий тузумини, бошқарувнинг демократик томойилларни белгилаб берган.
1992 йил 8 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 11-сессиясида Республикамиз тарихида биринчи марта халқаро ҳуқуқнинг барча тамойил ва меъёрига, умуминсоний қадриятларнинг устиворлигига асосланган реал туб маънодаги демократик Конституция 6-бўлим, 26-боб ҳамда 128-моддадан иборат ҳолда қабул қилинди.
Асрлар давомида чўзилган қарамликдан сўнг мустақилликка эришган давлатимиз Конституциясининг 1-моддаси «Ўзбекистон-суверен демократик Республика» деб бошланганлиги ҳам бежиз эмас. Дунё сиёсий харитасида янги демократик давлатнинг пайдо бўлишининг акс эттирувчи бу мўътабар ҳужжат барчамизнинг кўнглимизга фаҳр-ифтиҳор бахш этувчи бебаҳо манбаадир.
Конституциямизнинг қабул қилиниши, уни нормаларини аниқ равшан ва лўнда баён этилиши, бу нормалардан давлатнинг ҳуқуқий ҳаётида кенг фойдаланиш имконини беради.
Ўзбекистон ўзи танлаган ўзига хос йўлнинг пировард мақсади демократик хуқуқий давлат барпо этиш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришга эришишда Конституция ва қонунлар катта аҳамиятга эга. Давлатимизнинг асосий қомусида Конституция ва қонунларнинг устиворлиги мустаҳкамланган, бошқарув ва ҳокимият органлари, мансабдор шахслар, ташкилотлар ва фуқароларнинг қонунга сўзсиз итоат этишлари мустаҳкамлаб қўйилган. Барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий муносабатлар фақат Конституцияга уйғун қонунлар билан тартибга солиниши, ҳеч бир қонун ёки бошқа норматив актлар Конституция нормалари ва тамойилларига зид бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.
Конституциянинг 2-моддасида «Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида маъсулдирлар»-деб ёзилиб, бу сатрлар демократиянинг ажралмас ва узвий шартлари бўлиб, давлатимизда аввало халқ манфаатлари афзал эканини билдиради. Яқин ўтмиш Собиқ совет тузуми даврида давлат ва жамият манфаатлари фуқароларнинг манфаатларидан устун қўйилганлиги ҳаммага аён. Бугунги кунда бу нисбат инсон фойдасига ўзгарди, унинг ҳаёти, эрки, шаъни ва қадр-қиммати энг олий қадрият хисобланади.
Конституциянинг «Асосий принциплари» деб номланган бобида давлат ва унинг маъмурий-ҳудудий тузилиши, давлат хокимияти ва бошқарув органларининг тизимини белгилаш, ички ва ташқи сиёсатини амалга ошириш тамойиллари мустаҳкамланган.
Шунингдек мазкур бобда мустақил давлатимизнинг чегаралари даҳлсизлиги, давлат байроғи, герби, мадҳияси ва пойтахти кўрсатилган бўлиб, ушбу белгилар суверен давлатнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинишини асосий тамойилларидан ҳисобланади.
Конституциянинг 8-моддасида Ўзбекистон халқи - унда яшаётган миллатидан қатъий назар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳисобланиши, халқ номидан фақат у сайлаган Республика Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мустаҳкамланган. Шундай экан давлатимизнинг барча фуқаролари Республика Олий Мажлиси ва Президенти қабул қилган барча қарорларини бажаришлари ҳам фарз ҳам қарздир. Бундан ташқари давлатимиз фуқароларига Конституция, қонунларига сўзсиз итоат қилишлари, бошқа кишиларнинг хуқуқ ва эркинликларини хурмат қилишлик, тарихий, маънавий ва маданий меросимизни авайлаб-асраш, атроф-табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, қонун билан белгиланган, солиқ ва йиғимларни тўлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси - Ватанимизни ҳимоя қилиш каби муқаддас бурчлар юкланган.
Бурчларимиз асосий қонунимизда ёзиб қўйилганини хамма билиши шарт. Фақат давлатимиз, жамиятимиз тақдирига бефарқ шу заминда бўлаётган воқеалардан узоқ одамгина юқоридаги бурчларини билмаслиги мумкин.
Бундан ташқари, Конституцияда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлигини сақлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги алоҳида кўрсатилгани эътиборга моликдир.
Маълумки, эртанги кун эгалари-фарзандлар оилада камол топади. Шу сабабли ҳам Конституциямизда оила - давлат негизини ташкил этиши, оиланинг давлат ва жамият ҳимоясида бўлиши, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза этилиши, ҳар бир ота-она ўз фарзандини тарбиялашга ва моддий таъминлашга, ҳар бир вояга етган меҳнатга лаётқатли фарзанд ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурлиги тўғрисидаги меъёрлар миллий урф-одатларимизга тўла мос келади.
Шахсий мулкка эга бўлиш ва унинг дахлсизлиги масалалари ҳам Конституциямизда алоҳида ўрин эгаллаган. Унга мувофиқ ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли, шахсий ва хусусий мулклар тенг ҳуқуқли ва уларнинг муҳофаза этилиши асосий қонун билан кафолатланади.
Конституциянинг 41-моддасида «Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир» деб баён этилган бўлиб, бу давлатнинг фуқароларга, вояга етмаган келажак авлодга бўлган чуқур эътиборидан нишонадир ва Бош Қомус, мамлакатимиз келжагининг эгаси бўлган ёш авлоднинг интеллектуал салоҳияти порлоқ келажакни бунёд этишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Ўтган йиллар давомида барча шаҳар ва қишлоқларда замонавий, энг илғор технологиялар билан жиҳозланган ўқув юртлари барпо этилди, иқтидорли ёшларни топиш, уларга кўмаклашиш, қўллаб-қувватлаш, таълим соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш ва юртимиз таълим тизимида жорий этиш мақсадида ривожланган давлатлар билан халқаро ҳамкорлик алоқалари кенг йўлга қўйилди.
Конституциямизнинг яна бир афзаллиги шундаки, унда эътиқод эркинлиги алоҳида эътироф этилган. Бу эркинлик ҳар бир фуқаронинг истаган динга эътиқод қилиш ёки умуман эътиқод қилмаслик борасидаги иҳтиёрий ҳуқуқини вужудга келтиради. Президентимиз ташаббуси билан сўнги йилларда кўплаб диний таълим муассасаларининг очилгани, барча шаҳар-туманларда, маҳаллаларда жоме масжидлари ва бошқа динларга мансуб диний ташкилотлар, мадрасалар, черковлар фаолият кўрсатаётгани, муборак ҳаж сафарига бораётган ватандошларимизнинг йилдан-йилга сафи ортгани ҳам юртимизда эътиқод, виждон эркинлигининг амалий исботидир.
Юртимизда, яна бир муҳим конституциявий тамойил – инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича барча соҳаларда, айниқса, суд-ҳуқуқ тизимида чуқур ислоҳотлар амалга оширилаётганини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим. Бунинг тасдиғини сўнги йилларда 4 мингдан ортиқ фуқароларга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилгани, шу йилнинг ўзида 6 мингдан ортиқ шахслар суд залидан озод қилингани, 7 та суд босқичи 3 босқичга келтирилиб, суд тизими «бир суд – бир инстанция» тамойили асосида қайта ташкил этилаётганида кўриш мумкин. Юртимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия изчил амалга оширилмоқда. Президентимиз томонидан Афв институти кенг қўлланилмоқда, шу йилнинг ўзида билиб-билмай жиноятга қўл урган ва ўз қилмишидан пушаймон бўлган 300 нафар шахслар афв этилиб, жазони ўташ жойларидан озод қилинди, 200 нафар маҳкумнинг жазо муддатлари қисқартирилди. Президентимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек “Буларнинг барчаси юртимизда Учинчи Ренессанс – миллий тараққиётимизнинг янги даври пойдеворини яратишга хизмат қилади”.
Хулоса қилиб шу айтиш лозимки, Конституциямизда кўрсатилган халқимиз ҳаётини янада обод ва фаровон қилиш, юртимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир инсонга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш –давлатимиз ва жамиятимизнинг бош вазифасидир. Шу сабабли, Конституцияни ўқиб ўрганиш, унинг мазмун моҳиятини аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида тарғиб қилишни тўхтатмаслик зарур. Зеро, ҳуқуқ ва бурчларимизни яхши билиб, уларга сидқидилдан амал қилсак, умумий орзуимиз бўлган Учинчи Ренессансга, буюк мамлакат мақомига бир кун келиб эришишимиз муқаррардир.
Жиноят ишлари бўйича
Қува тумани суди раиси : З.Омонов