Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Mart 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 79 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi


СОХТА УСТАЛАР ЁКИ АВТОМАШИНАЛАР НЕГА ПОРТЛАМОҚДА?

×

 2021-12-29 21:50:47    398

PDF yuklash
Chop etish


Мамлакатимиз тараққий этиб, фуқароларнинг моддий имкониятлари ортгани сабабли, шахсий транспорт воситалари сони бир неча йил ичида кўп марта ошди. Автомашиналар юкни енгил, узоқни яқин қилиши сабаб кун сайин кўпайиб бормоқда. Транспорт воситалари кўпайгани боис усталар, яъни машина тузатувчи, уни созловчи ва техник хизмат кўрсатувчи шахсларга ҳам эҳтиёж ортган. Малакали устага иш етарли, шундай усталар ёки техник ёрдам кўрсатувчи ходим ахтарган ҳайдовчиларнинг ҳам саноғи йўқ. Чунки, бошқарувдаги транспорт соз бўлса, хизмати ҳам унумли, ҳайдовчи ва йўловчилар ҳам хурсанд, энг муҳими, техник соз автомашина хавфсиз бўлади.

            Лекин, ҳайдовчилар ичида арзон, иложи бўлса тез фурсатда “ҳожат чиқарувчи” усталарни ахтарганлар ҳам бор. Оммавий ахборот воситаларида баъзан автомиашинага ўрнатилган метан газ баллони портлагани, натижада фуқаролар ҳалок бўлиб, кўп миқдорда зарар етгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Бу ҳалокатларга нима сабаб бўлмоқда?

Жиноят ишлари бўйича Қува тумани судида мазмунан кўриб чиқилган А.Холиқов ва А.Эргашевларга оид жиноят ишидан юқоридаги саволга жавоб олиш мумкин. Иш бўйича судланган А.Холиқов ва А.Эргашев Қува тумани марказида асосан “Дамас” русумли автомашиналарга техник хизмат кўрсатувчи устахонага ишлашган. Ҳар иккиси ҳам машина таъмирлашда етарли малакага эга бўлмаса-да, аммо осон ва тез пул топишда “тажрибали устомон” чиқиб қолишди. Носоз автомашинани кўздан кечириш, керак бўлса ҳар бир детални кўриб чиқиш, уни созига алмаштириш ҳам вақт, ҳам меҳнат талаб қилади. Бунга тоқат қилмаган усталар А.Холиқов ва А.Эргашев, ҳайдовчилар нима исташаётганига қизиқишди. Сўраб-суриштириб, аксарият ҳайдовчиларда автомашинага ўрнатилган метан газ баллонини тегишли техник хизмат кўрсатиш марказида кўрикдан ўтказиш ва бу ҳақдаги сертификат олишга эҳтиёж борлигини билиб, мазкур хизматни, яъни газ баллонларни текшириш ва сертификат беришни йўлга қўйишди. Жумладан,  2020 йил ноябрь ойида А.Эргашев, Наманган шаҳрида фаолият юритувчи “QUDRATLI TURON ZAMINI GAZ SERVIS” МЧЖда техник синовдан ўтказилгани ҳақидаги далолатномани қўлга киритиб, уни жиноий шериги А.Холиқов билан бирга компьютер ёрдамида сохталаштириб, кўпайтиришган.

Шундан сўнг, сохтакор усталар А.Эргашев ва А.Холиқовнинг иши юришиб кетди, Қува туманида яшовчи аксарият ҳайдовчилар судланувчилар ишлайдиган устахонага мурожаат этишган. Ўз навбатида сохта усталар “Дамас” автомашинасига ўрнатилган метан газ баллонларини номига кўздан кечириб, унинг созлиги ва ишлатишга яроқлилиги ҳақида сохта далолатнома ёзиб бериб, эвазига ҳайдовчилардан пул маблағлари олиб келишган.

Сохта усталарнинг жиноий фаолиятига 2021 йил июнь ойида Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбир туфайли барҳам берилди, яъни йўлларда хизмат ўтаётган синчков инспекторлар томонидан “Дамас” автомашиналари тўхтатиб текширилганда, уларга ўрнатилган газ баллонларнинг созлиги ҳақидаги сертификатлар ҳақиқийсига ўхшамаслиги аниқланган. Тайинланган экспертизада, Қува туманида яшовчи бир неча фуқароларга тегишли автомашиналардаги метан газ баллонларнинг созлиги ҳақида сохта ҳужжатлар берилгани аниқланиб, улар ашёвий далил тариқасида олинган ва жиноят ишига қўшилган.

Судланувчилар А.Эргашев ва А.Холиқов судда, ўз қилмишларидан  пушаймон бўлиб, ўзлари томондан алданган ҳайдовчиларга етказилган моддий зарарларни қоплашди. Суд ҳукмига мувофиқ, судланувчилар расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш ва ўзганинг мулкини алдаб қўлга киритиш жиноятларини содир этганликда айбланиб, уларга тегишли жазолар тайинланди.

Энди, яна бугунги кундаги долзарб мавзу, аниқроғи муаммога қайтсак, нега машинага ўрнатилган метан газ баллони портлайди? Бунга асосий сабаб, баллонинг техник носозлиги ва унда нуқсонлар мавжудлигидир. Қачон эксплуатация қилинаётган баллондаги камчиликлар аниқланади? Албатта сифатли техник кўрикдан ўтказилганда. Шундай экан, ўз вақтида метан газ баллони техник кўрикдан ўтказилса ва албатта кўрик уни ўтказишга рухсати бор, етарли даражада малакали ходимлар томонидан, синовдан ўтказиш учун мавжуд шарт-шароитлар бўлган жойда амалга оширилса, автомашинани ҳам, ундан фойдаланувчилар ҳам ўзларини хавфсиз деб ҳисоблаши мумкин.

Шу ўринда, юқоридаги жиноят ишида жабрланувчи бўлиб ўтган ҳайдовчиларнинг лоқайдлиги ҳақида тўхталмай иложимиз йўқ. Судда иштирок этган мазкур ҳайдовчиларнинг барчаси кўпни кўрган инсонлар бўлиб, ўзларини алдангани, газ баллонлар тегишли тартибда текширилиб, синовдан ўтказилишини билишмаганини баён этишди. Аммо, уларнинг судланган шахслар томонидан таклиф этилган арзон ва энг муҳими сифатсиз техник кўрикка рози бўлишгани, юқоридаги жиноятни содир бўлишига асосий сабаб бўлган.

Бундан ташқари, сохта усталарнинг техник синовни лозим даражада ўтказишмагани келгусида оғир оқибатларга, ҳалокатга олиб келиши мумкинлигини жабрланувчилар билишмаганми? Албатта билишган, шундай бўлса-да ишнинг осон битиши ва хизматнинг арзонлигига учиб, жабрланган ҳайдовчилар нафақат ўзининг, балки бошқа фуқароларнинг ҳаётини катта хавф остига қўйиб, лоқайдлик қилишган.

Юқоридагилар орқали яна бир карра фуқароларни, ҳайдовчиларни ҳушёрликка чорлаймиз, зеро ҳали-хануз орамизда сохта усталар ва уларнинг хизматига муҳтож ҳайдовчилар борлигини унутманг. Транспортни, унинг метан газ баллонини тегишли техник хизмат кўрсатиш марказларидаги малакали мутахассислар ёрдамида синовдан ўтказиб, бехавотир юрганга нима етсин.

 

Зафаржон Омонов

Жиноят ишлари бўйича

Қува тумани суди раиси.