Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Эндиликда боғча ва мактабларда гимнастика бўйича дастурлар жорий қилинади
2022-12-30 11:50:22 254
Эндиликда боғча ва мактабларда гимнастика бўйича дастурлар жорий қилинади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 декабрдаги “Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан гимнастика спорт турларини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди.
Қарорга кўра, 2023/2024 ўқув йилидан боғчаларда “Гимнастикага илк қадам” дастури, мактабларда эса бошланғич синф ўқувчиларига мўлжалланган “Болалар учун гимнастика” дастури жорий қилинади.
Нукус, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида замонавий моддий-техника ва ўқув-машқ базасига эга бўлган ҳудудий Гимнастика спорт турларига тайёрлаш марказлари ташкил этилади.
Мазкур Гимнастика марказлари юридик шахс мақомига эга бўлган ихтисослаштирилган давлат спорт-таълим муассасаси ҳисобланиб, ўз фаолиятини 2024/2025 ўқув йилидан бошлайди.
Гимнастика марказлари ўқувчиларининг умумий контингенти жами 132 нафарни ташкил этиб, улар 1–11-синф ўқувчиларидан иборат бўлади.
Гимнастика марказларининг ўқув дастурини ўзлаштирган ва якуний давлат аттестациясидан ўтган 11-синф битирувчиларига давлат намунасидаги диплом берилади.
Мазкур диплом берилган мутахассислик (тренер, тренер-селекционер) бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш мумкин бўлади.
Қарорга кўра, 2023/2024 ўқув йилидан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ва унинг филиалларида гимнастика бўйича амалдаги ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари
2 бараварга оширилади.
Шунингдек, қарорга кўра 2023 йил 1 январдан анъанавий тарзда гимнастика спорт турлари бўйича Ўзбекистонда гимнастрада спорт тури бўйича хотин-қизлар ўртасида Президент кубоги, бадиий гимнастика бўйича ёшлар ўртасида “Ёрқин юлдузча” ва катталар ўртасида “Grand Prix Uzbekistan” халқаро турнири, спорт гимнастикаси бўйича “Духоба йўл” халқаро турнири, трамполин бўйича “Самодан баланд” халқаро турнири, халқаро гимнастика кунига бағишлаб ўтказиладиган “Gymnastics Day” бутун Ўзбекистон оммавий форуми, умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Халқ таълими вазири кубоги”, гимнастика спорт турлари бўйича Халқаро гимнастика федерациясининг тасдиқланган норма ва қоидаларида белгиланган ёш тоифалари бўйича уч босқичли (туман/шаҳар, ҳудудий ва республика) чемпионатлар ва кубок мусобақалари ўтказилиши белгиланган.
Қува туман адлия бўлими бошлиғи Г.Қодирова