Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ТАБРИК ХАТИ
2020-01-15 14:25:01 657
Ҳурматли Шуҳрат Мадаминович!
Сизни, Навоий кон-металлургия комбинати жамоаси ва шахсан ўз номимдан Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан вилоят ҳокими лавозимига тайинланганлигингиз муносабати билан чин дилдан самимий табриклаймиз.
Сиз республикамиз йирик вилоятининг раҳбари сифатида Фарғона вилоятини янада ривожлантириш ва халқни рози қилиш йўлида қатъият билан ибратли ишларга бош бўлаяпсиз.
Айниқса, миллий тараққиётимизнинг янги босқичида ўзингизга билдирилган юксак ишончни ҳар томонлама оқлаб, муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини теран ҳис қилган ҳолда, уларни амалга ошириш йўлида сабот ва матонат намуналарини кўрсатиб, мамлакат тарихида муҳим янгиланишлар ва ўзгаришлар рўй бераётган масъулиятли даврда Юртбошимизга елкадош бўлиб, юртимиз равнақи учун садоқат билан хизмат қилаётганлигингиз ҳар қандай таҳсину эътирофга муносибдир.
Сизнинг улкан ташкилотчи ва раҳбарлик фазилатларингиз бугун Фарғона вилоятида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва яратувчанлик ишларида яққол намоён бўлмоқда. Сиз келгусида ҳам бой билим ва тажрибангизни ҳудуд ва мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтириш, халқ фаровонлигини ошириш йўлида тўла сафарбар этишингизга ишонамиз.
Қадрли Шуҳрат Мадаминович!
Фарғона вилояти ҳокими лавозимига тайинланганлигингиз билан яна бир бор қутлар эканмиз, Сизга мустаҳкам соғлик-саломатлик, куч-қувват, шарафли ишларингизда катта муваффақиятлар тилаймиз.
Ҳурмат ва эҳтиром ила,
Навоий кон-металлургия комбинати жамоаси номидан
Қувондиқ Санақулов, Ўзбекистон Қаҳрамони