Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Қува туман ҳокимининг 8-март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам ТАБРИГИ
2021-03-07 15:07:34 780
Ассалому алайкум, муҳтарама опа-сингиллар!
Бугун мана шундай дилбар, қутлуғ баҳор айёмида сиз, мунис оналаримиз, ҳурматли опа-сингилларимиз, сулув қизларимизни ўзларингиз каби гўзал байрамингиз – Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Сизларнинг тимсолингизда бутун туманимизнинг хотин-қизларини табриклаб, барчангизга чуқур ҳурмат-эҳтиром ва эзгу тилакларимни билдираман.
Бизга мана шу ёруғ, гўзал оламни янада гўзал ва ёруғ қилиб турганларингиз учун катта раҳмат сизларга!
Биз – Ўзбекистоннинг мард ўғлонлари, эр йигитлари сиз, азизларга бўлган ҳурматимиз, меҳр ва муҳаббатимизни оилаларимиз, эл-юртимиз ҳаётини янада обод ва фаровон қилишга қаратилган амалий ишларимиз билан изҳор этишга интилмоқдамиз.
Биз халқимиз розилигини аввало, сиз, муҳтарама оналаримиз, опа-сингилларимизнинг розилиги деб тушунамиз. Сизларнинг соғ-саломат ва бахтли бўлиб яшашингизни амалга ошираётган барча-барча ислоҳотларимизнинг асосий мақсади ва мезони деб биламиз. Бу йўлда эришган натижаларимиз фақатгина биринчи қадамлар бўлиб, сизларнинг қўллаб-қувватлашингиз, дуоларингиз, ҳеч шубҳасиз, бизга чексиз куч-ғайрат бағишлайди.
Маълумки, ҳозирги вақтда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Лекин сизларнинг барча соҳалардаги самарали меҳнатингиз, фарзандлар тарбияси, оила ҳаётидаги улкан хизматларингизни ҳисобга олиб айтадиган бўлсак, жамиятдаги ўрнингиз, Ўзбекистонимиз эришаётган ютуқлардаги беқиёс ҳиссангизни ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайди.
Мунис ва меҳрибон опа-сингиллар!
Биз сизларнинг мана шундай очилиб, ҳаётдан рози бўлиб юришингиз учун, сизларнинг бахту саодатингиз учун доимо сидқидилдан хизмат қилишга тайёрмиз. Истаймизки, мана шундай қувончли кунларимиз кўп бўлсин!
Барчангизни бугунги баҳор ва нафосат, гўзаллик байрами билан яна бир бор самимий табриклайман.
Иқболингиз баланд, умрингиз узоқ, ризқу насибангиз зиёда бўлсин!
Ҳамиша соғ-омон бўлинглар!
Умаров Халимжон Комилович
Қува тумани ҳокими