Ҳафталик доирасида ўтказилаётган тадбирлар, учрашувлар, тақдимотлар эсда қоларли бўляпти. Туман ахборот-кутубхона марказидаги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, иккинчи даражали ,,Соғлом авлод учун" ордени соҳибаси Ўктамхон Солиева, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, ,,Меҳнат шуҳрати" ордени соҳибаси, ,, Ойдин" газетаси бош муҳаррири Хатичахон Каримова билан ижодий учрашув, мазкур тадбир меҳмони Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси, ,,Меҳнат шуҳрати" ордени соҳибаси, ,,Қува ҳаёти" газетаси бош муҳаррири Зуҳра Алиеванинг иштирокидаги тадбир мазмунли ва мароқли ўтди.
Устоз ижодкорларни туман ҳокими Дилшоджон Джалилов ташрифлари учун миннатдорчилик билдириб, китоб ва китобхонликни жамиятимиздаги ўрни ҳақида гапириб ўтди.
Ёзёвон фарзанди Ў. Солиева юртимиздаги ислоҳатлар, ижобий ўзгаришлар, З. Алиеванинг туманда раҳбарятнинг маънавият, айниқса матбуотга эътиборига алоҳида тўхталиши, ўқиган шеърлари, Х. Каримованинг қаламга ошнолик ҳақидаги маънодор гапларини барча мириқиб тинглади. Айниқса, ижодкорларнинг ,,Марказий Фарғона" газетаси ва унинг жамоаси ҳақида мақтов гаплари ёзёвонлик ижодкорларга маъқул бўлди.
Фахрий ижодкорлар ва бошқа сўзга чиққанлар меҳмонлар, уларнинг ижоди ҳақида гапиришиб, келгуси учрашувларимизгача ораларидан халқ шоири, ёзувчиси, қаҳрамонлар чиқсин, дея тилак билдиришди.
Меҳмонлар китобхон оилалар соҳибаларига миннатдорчилик рамзи сифатида совғалар топширишди.
Ижодкор меҳмонларга туман маънавият-марифат кенгаши ташаккурномалари, совғалари топширилди. Ўз навбатида устоз ижодкорлар кутубхонага ўз киъобларидан совға қилишди.
36-мактабнинг жажжи санъатсевар қизчаларининг гўзал рақсларидан учрашув иштирокчилари бараманд бўлишди.