Халқ депутатлари Қува туман Кенгаши депутати Р. Нодиров томонидан Ифтихор маҳалла фуқаролар йиғинида “маҳалла еттилиги” фаолияти ўрганилди. Бундан кўзланган асосий мақсад — маҳаллада амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини баҳолаш, аҳолини ўйлантираётган долзарб муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирларни белгилашдан иборат бўлди.
Ўрганиш ишлари доирасида “маҳалла еттилиги” аъзолари томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояси, кам таъминланган ва муҳтож оилаларга кўмаклашиш, уларни камбағалликдан чиқариш, шунингдек ишсиз фуқароларни бандликка жалб этиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди.
Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни турли маданий-маърифий ва спорт тадбирларига жалб этиш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.
Ўрганиш давомида аниқланган камчиликлар юзасидан маҳалла фаолларига тегишли тавсиялар берилди. Айниқса, фуқаролар билан тизимли ва самарали мулоқотни йўлга қўйиш, мурожаатларга тезкор муносабат билдириш зарурлиги таъкидланди.
Депутат томонидан маҳалла фаолларига давлатимиз раҳбарининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қарор ва дастурлари, Қува туманида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари тўғрисида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Учрашув якунида маҳалла аҳолиси ва фаоллари томонидан берилган саволларга жойида аниқ ва тўлиқ жавоблар берилди. Фуқароларнинг таклиф ва мулоҳазалари инобатга олиниб, уларни амалий ҳаётга тадбиқ этиш юзасидан тегишли чоралар белгиланди.