Ёшлар келажаги учун янги имкониятлар эшиги очилди!
Пайшанба куни “Ёшлар куни” доирасида Қува тумани ҳокимлиги ташаббуси билан ёшларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган муҳим тадбир – бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди.
Ушбу ярмаркада профессионал таълим муассасалари ҳамда умумий ўрта таълим мактаблари битирувчилари, шунингдек, маҳаллалардаги ишсиз ёшлар иштирок этиб, ўзларига мос иш ўринларини топиш имкониятига эга бўлишди. Тадбирда туманда фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар томонидан турли соҳалар бўйича юзлаб бўш иш ўринлари таклиф этилди.
Ярмарка давомида ёшларга ишга жойлашиш тартиби, касб танлаш, малака ошириш ва тадбиркорликни йўлга қўйиш бўйича мутахассислар томонидан батафсил тушунчалар берилди. Бу эса иштирокчиларга нафақат иш топиш, балки ўз келажагини аниқ мақсадлар асосида режалаштиришга хизмат қилди.
Энг муҳими, мазкур тадбир орқали кўплаб ёшлар иш билан таъминланиб, ўз орзу-мақсадлари сари дадил қадам ташлаш имкониятига эга бўлдилар.
Қува туманида ёшларга бўлган эътибор ва ғамхўрлик доимий эътибор марказида бўлиб, бундай амалий тадбирлар уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашига мустаҳкам замин яратмоқда.
Ёшларга имконият берсак — келажакни қурган бўламиз!