Размер шрифта цвет картина

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Подписка на новости


На сайте сейчас 23 пользователей Статистика телефон доверия


Конституцияга маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш борасида қандай ўзгартиришлар киритилмоқда?

×

 2022-06-29 17:50:56    318

Скачать PDF
Печать


Бугунги кунда мавжуд қонунларда, жумладан, Жиноят, жиноят процессуал ва жиноят ижроия кодексларида маҳбусларнинг ҳуқуқлари, уларга яратилган шарт-шароитлар аниқ кўрсатиб берилган ҳамда ушбу қонунларга мувофиқ маҳбуслар ва маҳкумларнинг ҳуқуқлари амалга оширилмоқда.

Аммо юқоридаги кодекс ва қонунларда маҳбусларнинг, яъни қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқларини тўла-тўкис ҳимоя қилиш ва уларни таъминлашда бўшлиқлар борлиги, қонунларда айрим тафовутлар мавжудлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Умуман олганда, халқимиз истиқлолга қадар яъни Чор Россияси ва Собиқ Иттифоқ мустамлакаси сифатида кўплаб қатағонларга учради, халқимизнинг асл фарзандлари, озодлик учун курашганлар барчаси қамоққа олиниб, у ерда турли тазйиқларга дучор бўлишди. 1980 йиллар ўрталарида бўлган “ўзбеклар иши” натижасида ҳам кўплаб юртдошларимиз, халқимиз вакиллари ҳеч бир асоссиз қамоққа олиниб, турли қийноқлар ва ғайриинсоний муносабатларга дучор бўлишгани ҳам халқимиз ёдидан кўтарилгани йўқ.

Буларнинг барчаси, қамоқда сақланаётган шахсларнинг аҳволи, уларга бўладиган муносабат, умуман маҳкум ва маҳбусларга нисбатан инсоний муносабатларда бўлиш, уларни ҳурмат қилиш, қадр-қимматини, шаънини ва ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ҳам давлат томонидан кафолатланиши Конституция нормаси билан мустаҳкамлаб қўйилиши давр талабидир.

Яъни, бугунги кунда юқоридаги мавзу бўйича Конституцияга киритиш тақдим этилган ўзгаришлар қуйидагилардир :

Жумладан, Конституциянинг 25-моддасига жиноят қонунчилигига оид нормалар қўшиляпти:

  • Ушлаб туришга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга ёки озодликни бошқача тарзда чеклашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суд қарор қабул қилмагунича 48 соатдан кўп муддат ушлаб турилиши мумкин эмас. Агар ушлаб туриш ёки озодликни бошқача тарзда чеклаш тўғрисидаги қарор белгиланган муддатда суд томонидан қабул қилинмаса, шахс дарҳол озод қилиниши керак.
  • Шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб туриш асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши керак.
  • Ҳеч ким шартномавий мажбуриятларни бажара олмаганлигига асосланиб жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
  • Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас.
  • Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий, илмий ва бошқа тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас.
  • Ҳар бир инсон ўз шахсини эркин ривожлантириш, қонун билан тақиқланмаган ҳамда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузмайдиган ҳар қандай ҳаракатни амалга ошириш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига унинг розилигисиз юклатилиши мумкин эмас.

26-моддага қўшилаётган инсон ҳуқуқлари ва суд-ҳуқуқ тизимига оид нормалар:

  • Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак. Қонунни қўллаш жараёнида юзага келадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак.
  • Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.
  • Ҳеч бир шахс ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас.
  • Озодликдан маҳрум этилган барча шахсларга нисбатан инсоний муносабатда бўлиниши ва уларнинг шахсий қадр-қиммати ҳурмат қилиниши керак.
  • Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги керак.

Шунингдек, айнан инсон ҳуқуқларини дастлабки тергов ва судда таъминлаш борасида, Конституцияга 261ва 262-моддаларни қўшиш таклиф этиляпти, бу янги моддаларда қуйидагилар белгиланмоқда:

  • Ҳар бир шахс адвокат ёрдамидан ўз танловига кўра ҳамда жиноят процессининг ҳар қандай босқичида фойдаланиш, шахс ушлаб турилганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
  • Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи айбловнинг моҳияти ва асослари тўғрисида хабардор қилиниш, ўзига қарши кўрсатма берган гувоҳлар билан юзлаштирилиш, ўз фойдасига кўрсатма бераётган гувоҳларнинг чақиртирилиши ҳуқуқига эга.
  • Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди.
  • Ҳуқуқбузарликлардан ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишдан жабрланганларнинг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жабрланганларга одил судловдан фойдалана олишини ва етказилган зарар компенсация қилинишини таъминлайди.
  • Ҳар бир шахс давлат органларининг ёки улар мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга.
  • Ҳеч ким айни бир ҳуқуқбузарлик учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
  • Ҳеч бир шахс содир этилган пайтда ҳуқуқбузарлик деб топилмаган қилмиш учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
  • Қилмиш учун жазони истисно этадиган ёки енгиллаштирадиган қонун орқага қайтиш кучига эга.
  • Жавобгарликни белгилайдиган ёки оғирлаштирадиган қонун орқага қайтиш кучига эга эмас.
  • Ҳеч бир инсон расмий равишда эълон қилинмаган қонунга асосан ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас.

Таклиф этилаётган ўзгаришлар, бугунги кунда давлатимиздаги ҳокимият ва бошқарув идоралари вакиллари, барча фаол фуқаролар томонидан кенг муҳокама бўлаётгани албатта ижобий ҳодисадир.  Конституцион ислоҳатлардан бири сифатида юқоридаги долзарб ўзгаришни яъни, маҳкум ва маҳбусларга нисбатан инсоний муносабатда бўлиш, уларнинг қадр-қимматини таъминлашнинг шартлиги ҳақида нормаларни Конституцияда акс этиши ўйлаймизни юртимизда инсон ҳуқуқларини тўлиқ ва барча фуқароларга нисбатан мавжудлигини таъминлашга асос пойдевор бўлади.

 

       
З.Омонов
Жиноят ишлари бўйича
Қува тумани судининг раиси