Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
САЙЛОВ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ҚАНДАЙ ЖАВОБГАРЛИК МАВЖУД?
2021-05-24 18:52:35 726
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг V1-бобида сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш, худди шунингдек уларнинг ишига тўсиқларни юзага келтирган мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача жарима жазоси белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг қарорларини ижро этмаслик, худди шунингдек уларнинг мурожаатларини кўриб чиқишни ғайриҳуқуқий равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузган мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Номзоднинг, ишончли вакилининг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузган мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима белгиланган.
Сайловолди ташвиқотини, референдумга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини номзод, ишончли вакил, сиёсий партия вакили, мансабдор шахс томонидан бузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида номзод, сиёсий партия тўғрисида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш ёки бошқа усуллар орқали тарқатганлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланган.
Биноларга, иншоотларга ёки бошқа жойларга жойлаштирилган ахборот, ташвиқот материалларини сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва сайлов ёки референдум ўтказиш жараёнида қасддан йўқ қилиб юборганлик ёки уларга қасддан шикаст етказганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солинади.
Сайловни ёки референдумни молиялаштириш тартибини бузганлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов ёки референдум натижалари тахминларини, шунингдек сайлов ёки референдум билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни чоп этиш (эълон қилиш) тартибини бузган мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланган.
Қ.Абдуллаев
Жиноят ишлари бўйича
Қува тумани судининг судьяси
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Youtube