Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
КОДЕКСГА ЯРАШУВ ИНСТИТУТИ КИРИТИЛДИ
2021-10-19 11:04:34 567
Мамлакатимизда фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари риоя қилишлари, шунингдек ўз ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини амалга ошириш, қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ахоли ўртасида қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга борасида изчил ислохатлар ўтказилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 04 октябрь кунги “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-720-сонли қонунининг 1-моддаси 2-банди билан маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, маъмурий жавобгарликдан озод этилиши мумкинлиги назарда тутувчи модда билан тўлдирилди.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 212-модда билан тўлдирилиб, томонлар ярашилганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилиш белгилаб берилди.
Яъни, ушбу Кодекснинг 40-моддасида (туҳмат), 41-моддасида (ҳақорат қилиш), 45-моддасида (фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш), 46-моддасида (фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш), 461-моддасида (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш), 52-моддасида (енгил тан жароҳати етказиш), 612-моддасида (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш), 104-моддасида (экинзорларни пайҳон қилиш, қишлоқ хўжалик экинларининг далада тўплаб қўйилган ҳосилига зарар етказиш ёки уни йўқ қилиб юбориш, кўчатларга шикаст етказиш), 133-моддасида (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши), 134-моддасида (ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши транспорт воситаларининг ёки бошқа мол-мулкнинг шикастланишига олиб келиши), 183-моддасида (майда безорилик) ҳамда 200-моддасида (ўзбошимчалик) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, маъмурий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) тарафларнинг ярашуви муносабати билан ишни судга юбориш тўғрисида қарор чиқаради ва маъмурий жавобгарликдан озод қилиш ҳақидаги масалани ҳал этиш учун иш материалларини ушбу Кодекснинг 3131-моддасида белгиланган тартибда судга юборади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни бир йил ичида такроран содир этган шахс томонларнинг ярашуви муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилинмайди.
Жабрланувчи ёхуд унинг қонуний вакили ярашув тўғрисидаги аризани иш ваколатли органлар (мансабдор шахслар) томонидан кўриб чиқилиши вақтида, шунингдек суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд қарор чиқаргунига қадар бериши мумкин.
Аризада етказилган зарар бартараф этилгани, шунингдек ярашилганлиги муносабати билан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги иш юритилишини тугатиш тўғрисидаги илтимос кўрсатилган бўлиши керак.
Агар ярашув ҳақидаги ариза иш биринчи инстанция судида суд муҳокамасидан ўтказилаётганда берилган бўлса, суд уни дарҳол кўриб чиқишга киришади.
Агар иш бўйича бир неча жабрланувчи бўлса, фақат барча жабрланувчилар билан ярашувга эришилган тақдирда, ярашув тўғрисидаги ишни юритиш мумкин.
Аризани қабул қилиш чоғида ваколатли орган (мансабдор шахс) ва суд жабрланувчига ёки унинг қонуний вакилига суд ярашувни тасдиқласа, у мазкур иш бўйича иш юритишни қайта тиклаш ҳақида илтимоснома бериш ҳуқуқини йўқотишини тушунтириши шартлиги белгилаб берилди.
Суд соҳасида амалга оширилаётган ислоҳатлар жамиятимизда ҳуқуқбузарликни олдини олиш ҳамда жиноятларнинг барвақт профилактикасини таъминлаш, бунга имкон бераётган шарт-шароитларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, аҳолининг ҳуқуқий фаоллигини янада оширишга каратилган.
Қ.Абдуллаев
Жиноят ишлари бўйича
Қува туман судининг судьяси
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Youtube