Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Қува тумани маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, хотин-қизлар ва ёшлар вакилларининг туманимиз аҳолисига МУРОЖААТИ
2023-10-17 19:09:05 242
Қува тумани маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, хотин-қизлар ва ёшлар вакилларининг туманимиз аҳолисига
МУРОЖААТИ
Азиз қуваликлар!
Муҳтарам Президентимизнинг алоҳида эътиборлари ҳамда ташаббуслари билан мамлакатимиз шаҳар ва қишлоқларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
“Авлодларимиз биздан кейин ҳам муносиб табиий муҳитда яшаши керак” деган ғояни илгари сурган Давлатимиз раҳбари, табиатга эътибор беришни, бу масалада фақат бугунни эмас, яқин ва узоқ келажакни ўйлаб иш олиб боришни, ёш авлод қалбида она табиатга дахлдорлик ҳиссини тарбиялашни таъкидлаб келмоқдалар.
Икки йил аввал юртимизда бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳам ана шу эзгу мақсадлар йўлидаги сайъ-ҳаракатларимизнинг катта бўлагидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 11 октябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам мазкур масала бўйича бир қатор муҳим таклифлар билдириб, устувор вазифаларни белгилаб бердилар. Жумладан, 25 октябрдан 1 декабрга қадар юртимизда “кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинди.
Жорий йилнинг баҳор мавсумида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида тумандаги мавжуд 825 та фермер хўжаликлари ер майдонларининг дала четлари, кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлар, корхона, ташкилот, муассасалар ҳовлиси, туман маркази ва йўл четларига, шунингдек махалла гузарларида
563 минг тупдан ортиқ мевали, манзарали дарахт ва гул кўчатлари экилган бўлса, куз мавсумида 40 турдаги 363 минг дона манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари экиш белгиланган.
Ушбу ишларни амалга ошириш учун туманимизда барча имкониятлар мавжуд. Қува тумани аввалдан кўчатчиликка ихтисослашган бўлиб, бугунги кунда 22,6 млн.туб мевали, 14,1 млн.туб манзарали, 4 млн.туб тут ва 14 млн.туб гул кўчатлари аҳоли томорқалари ва кооперациялар томонидан етиштирилмоқда. Бу эса ўз навбатида ушбу етиштирилган кўчатлар туман эҳтиёжидан ортиб қўшни вилоятларга ҳам етказиб берилади.
Азалдан тупроқни, сувни, табиатни муқаддас деб билган, бир туп дарахт кесса ўн туп эккан халқимиз номидан барча қуваликларни “Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!” деган олижаноб ғояни қўллаб-қувватлашга, бу умуммиллий ҳаракатнинг натижасини ҳар бир маҳаллада кўрсатиб, ҳавас билан бу савобли ишда иштирок этишга чақирамиз. Барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, фидойилик билан ҳаракат қилсак, энг аввало Президентимиз бошлаган эзгу ташаббусни вилоятимизда Республикамиз ҳудудлари орасида энг намунали қилиб бажарамиз, қолаверса, юртимизнинг экологик тозалигига, яшиллигига ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшамиз.
Бунда барча даражадаги раҳбарларни, маҳалла фаолларини, жамоат арбобларини, нуронийларни, санъаткор ва спортчиларни, журналист ва блогерларни алоҳида ўрнак кўрсатишга чорлаб қоламиз.
Қадрли маҳалла фаоллари ва кўчабошилар!
Айни вақтда, айрим маҳаллаларда, кўча ва гузарларда бўш турган, дарахт экилмаган жойлар ҳам кўп. Эндиги вазифамиз ушбу жойларни боғ-роғларга айлантиришда маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлигини кучайтириш, ҳудуд ободлиги ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган лойиҳаларни кенгайтиришдан иборатдир. Бунинг учун ҳар бир маҳаллада “маҳалла боғлари”ни яратишимиз, яшил ҳудудларни кўпайтиришимиз, шахсий намуна сифатида дастлаб ўз хонадонимиз ва кўчамизни обод қилишимиз, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур.
Экилган ҳар бир ниҳолни парваришлаш ва сақлашда маҳалла фаоллари жонбозлик кўрсатиши лозим. Бунинг учун “маҳалла еттилиги”, кўчабошилар ҳамда хонадон эгаларини масъул сифатида бириктириш мақсадга мувофиқдир.
Муҳтарам нуронийлар!
Сизларнинг ҳаётий тажрибангиз, дуо ва тилакларингиз халқимиз учун ҳамиша катта таянч ва суянч бўлиб келмоқда.
Туманимиздаги нуронийлардан маҳаллаларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда, аҳоли томонидан кўчатларни намунали экишни ташкиллаштиришда янада фаоллик ва ташаббус кутиб қоламиз. Сизларнинг шахсий намунангиз, панду насиҳат, тавсия ва кўрсатмаларингиз барчамиз учун муҳим.
Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, томорқа ер эгалари!
Ерга меҳр бериш, унинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиш, кўчат экиб, боғ яратишда сизларнинг улушингиз катта.
Фермерларимиз “Бир дала – бир маҳсулот” тамойили асосида ўз ҳудудига тут, ток, терак ва бошқа кўчатларни экса, ҳар бир қарич еримиз боғ-роғларга айланади.
Азиз дўстлар!
Туманимизнинг гўзал қиёфаси, мусаффо ҳавосини асраш, фарзандларимизга обод юртни қолдиришимиз учун хар биримиз масъулмиз.
Халқимизнинг покликка бўлган интилиши, муқаддас динимизда ҳам ўз аксини топган. Миллий қадриятларимизда ҳам дарахт экиш савобли ва хайрли иш ҳисобланади.
Туманимизни янада кўкаламзорлаштириш, обод ва гўзал яшил маконга айлантириш учун хар бир фуқаро камида биттадан кўчат экиб, бутун юртимизда амалга оширилаётган хайрли ишга ўз хиссасини қўшиши зарур.
Азиз қуваликлар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил-қизларимиз барчангизни ўз уйингизда, кўчангизда, махаллангизда дарахт экиб обод этишга, туманимизни боғ ичидаги кўркам бир гўшага айлантиришга чақираман. Зеро ушбу хайрли ишларга ўз хиссаларини қўшган хар бир инсоннинг номи тарихда қолади.