Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Зўшравонликка қарши курашишга бағишланиб давра сухбати ўтказилди
2023-12-05 11:34:00 178
Қува туманидаги “Касб-ҳунар” мактаби биносида зўшравонликка қарши курашишга бағишланиб давра сухбати ўтказилди. Давра сухбатида Фарғона вилояти суди судьяси Р.Зарипов ва жиноят ишлари бўйича Қува тумани судининг раиси З.Омонов иштирок этди.
Бугунги кунда бутун дунёда қийноқлар ва зўравонликка барҳам бериш долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бу вазифани ўз зиммасига олган, шахсни қийноқ ва бошқа шафқатсиз ғайриинсоний муомаладан муносиб ҳимоя қилиш мақсадида қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
Қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазога қарши Конвенциянинг қабул қилинганлиги бу борадаги муҳим қадам бўлди. Мазкур Конвенциянинг бажарилишини назорат қилувчи Қийноқларга қарши қўмита давлатлардаги инсон ҳуқуқлари бузилиши учун жавобгарликка тортиш, қийноқлар ҳақидаги хабарларни тизимли равишда текшириш ва ушбу жиноятни тўхтатиш ҳамда уни олдини олиш вазифасини бажаради.
Оилада, маиший ҳаётда содир бўлаётган зўравонлик ва қийнашнинг ошиб бораётгани жамоатчилик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ушбу соҳада ҳуқуқбузарликка қарши курашишни кучайтириш ҳақидаги фикр ва таклифлари эътиборга олиниб, 2023 йил 11 апрель куни “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Қонунга мувофиқ, маъмурий жавобгарлик ва жиноят кодексларига янги “Оилавий (маиший) зўравонлик”-деб номланувчи нормалар киритилди. Қонун талабига мувофиқ, оилада, аёлларга нисбатан зўрлик ишлатиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, қўрқитиш каби ҳаракатлар учун айнан юқоридаги нормалар орқали жавобгарликка тортиш белгиланди.
Янги қонуннинг қабул қилиниши, юртимизда ушбу соҳада олиб борилаётган тизимли ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасида “Жисмоний зўравонлик — хотин-қизларга нисбатан оғирлиги турли даражада бўлган тан жароҳатлари етказиш, хавф остида қолдириш, ҳаёти хавф остида қолган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, зўравонлик хусусиятига эга бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этиш, жисмоний таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказишнинг ўзга чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қиладиган зўравонлик шакли” экани баён этилган эди.
Айнан шу қонунда, ҳимоя ордери — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан ушбу Қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат эканлигига ҳам тушунтириш берилган ва ИИБ профилактика инспекторлари томонидан ҳимоя ордери бериш орқали хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш амалга оширилиши, жабрланган шахсни махсус марказга жойлаштириш унинг хоҳишига кўра ўттиз кунгача бўлган муддатга амалга оширилиши, зарурат бўлган тақдирда бу муддат махсус марказнинг уставида белгиланган тартибда узайтирилиши, махсус марказга жойлаштириш муддати тугагач, агар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига нисбатан хавф мавжуд бўлса, махсус марказ маъмурияти бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши шартлиги кўрсатилган.
Юқоридаги қонунларнинг жорий этилиши, жамиятда тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга, улар томонидан ўз жонига қасд қилишни олдини олишга, содир этилаётган қонунбузилиш ва жиноятларни тўғри квалификация қилишга, қийнаш ва зўравонлик содир этган шахсларни тегишли тартибда жазога тортиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда давлат органларининг жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини ташкил этишга хизмат қилади.
Зарипов Рустамжон
Фарғона вилояти судининг судьяси
Зафаржон Омонов
Жиноят ишлари бўйича Қува тумани судининг раиси