Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИ РАҲБАРИ МУРОЖААТИДАН СЎНГ!
2020-04-05 09:22:18 819
Жорий йилнинг 3 апрель куни телеграм ижтимоий тармоқлари орқали “Сувсизликдан бир неча гектар ердаги боғ қуриб-қовжираб кетмоқда” сарлавҳаси остида чоп этилган мақола бир неча муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мазкур муаммони ўрганиш ва баратараф этиш мақсадида туман сув хўжалиги бўлими, Фермер, дехқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман Кенгаши ҳамда бошқа мутасадди раҳбарлардан иборат ишчи гуруҳ жойига борган ҳолда ўрганиш олиб борди. Ўрганиш натижаларига кўра Қува тумани М.Мансуров ММТП ҳудудидаги “ФКЁ Зебинисо” фермер хўжалигига туман ҳокимининг 2019 йил 27 январ кунги 302-сонли қарорига асосан Сўфи МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Усмонов Омонжонга тегишли бўлган 147, 148-контурларда жойлашган 6,30 гектар боғ майдони бириктириб берилган. Ҳозирги кунда ушбу ер майдонини фуқаро О.Усмонов парвариш қилиб келмоқда. Ўрганиш кунида мазкур боғ майдони тўлиқ суғорилгани аниқланди.
Лекин шу ўринда бир масалага алоҳида тўхталиш лозим. Мазкур фермер хўжалиги жойлашган ҳудудда сув таъминоти оғир бўлганлиги сабабли бир неча бор туман ҳокимлиги, туман сув хўжалиги бўлими, туман қишлоқ хўжалиги бўлими ва бошқа бир қатор мутасадди идоралар томонидан томчилатиб суғориш тизимига ўтиш бўйича огохлантирилган ва тавсиялар берилган. Аммо фермер хўжалиги раҳбари томонидан рад этилган. Ваҳоланки ушбу 6.30 гектар боғ майдонида 40 туп йигирма ёшли олма дарахти, 725 туп йигирма ёшли ва 100 туп бир ёшли бодом кўчатлари ҳамда 450 туп бошқа мевалар мавжуд.
Ушбу парвариш қилиб келинаётган боғ майдонининг ҳар бир гектарига 1 нафардан жами 6 нафар иш ўрни яратиш керак бўлсада, фермер хўжалигининг 2019 йил 1 апрель кунги 1 сонли буйруғига асосан 2 нафар ишчи ўрни яратилган ҳолос.
Шунингдек ўтган 2019 йил давомида фермер хўжалиги томонидан 450 туп бодом ҳамда 40 туп олма мевасидан ички бозорда нақд пулга сотиш орқали фермер хўжалигининг Халқ банки туман филиалидаги жорий ҳисоб рақамида 7 100 000 сўм пул маблағи шакллантирилган ҳолос. Ўтган йиллар мобайнида фермер хўжалиги томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг чет мамлакатларга экспорти амалга оширилмаган.
Фермер хўжалиги 2019 йил якуни бўйича 8 469 049 сўм солиқ ҳисобланган бўлиб, шундан 6 900 000 сўм маблағ тўланган, ёки йил охирига 1 569 049 сўм солиқ қарздорлиги мавжудлиги маълум бўлди.
Қува туман ҳокимлиги
Ахборот хизмати