Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 8 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi


«Судлар тўғрисида»ги Қонунга ўзгартириш киритилди

×

 2021-10-27 10:06:58    876

PDF yuklash
Chop etish


Мамлакатимизда суд ҳуқуқ тизимида қатор ислоҳотлар амалга оширилиб келинаётгани барчамизга маълум. Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб мазмун-моҳиятини фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва бу фаолиятни амалга оширувчи шахслар мустақиллигини таъминлашдан иборатдир.

Фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва муҳофаза қилишнинг олий органи судлар мустақиллигини таминлаш борасида қанчадан қанча қонунлар, фармон ва қарорлар қабул қилинган бўлсада, бироқ судлар фаолиятини тартибга солувчи суд тизимининг асосий қонуни бўлган “Судлар тўғрисида”ги Қонунга янги нафас берилмас экан, суд тизимининг чинакам мустақиллигига эришиб бўлмасди.

Ана шу заруриятни тўла англаган ҳолда 2021 йил 28 июлда  юртбошимиз томонидан «Судлар тўғрисида»ги Қонун (ЎРҚ-703-сон) имзоланди.

Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги қонун ўз кучини йўқотди.

Замон ўзгаргани сайин ҳаёт ва ундаги қонуниятлар ҳам ўзгариб боради. Ҳар бир нарса замон талабларига мослашгани каби қонун ҳужжатлари ҳам замон билан ҳамнафас бўлиши, замон талабларини ўзида акс эттириши лозим. Янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунида ҳам бир қатор замон талабларига жавоб берадиган ўзгаришларни кўриш мумкин.

Жумладан, суд ҳокимияти деб номланувчи алоҳида модданинг киритилиши, унда суднинг мустақил эканлиги, суд вазифаларини бошқа бирор ташкилот ёки шахс бажариш ҳуқуқига эга эмаслиги каби қоиданинг киритилиши судларнинг мустақиллигини таъминлашда асосий қоидалардан бири бўлиб хизмат қилади.

Аввалги Қонунда қуйи ва ўрта бўғин суд тизими судларнинг иқтисослашуви бўйича жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судларга бўлинган бўлса, янги Қонунда қуйи бўғин маъмурий судлари туман (шаҳар) судлари эмас, балки туманлараро маъмурий судлар сифатида қайта ташкил этилган бўлса, ўрта бўғин судлари ягона судга бирлашган (жиноят, иқтисодий ва фуқаролик) судлари ҳамда маъмурий судлар сифатида қайта ташкил этилди.

Янги Қонунда ошкоралик принципига ҳам оммавий-ахборот воситалари билан боғлиқ қўшимча киритилган бўлиб, унга кўра, суд мажлиси залида ҳозир бўлган шахслар, оммавий-ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залида қонунда белгиланган тартибда фотосуратга олиши, видео ёки аудио ёзувни амалга ошириши мумкинлиги белгиланди. Бу ҳам судларнинг ошкора ва шаффоф бўлиши йўлида муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.

Бундан ташқари, Қонунда суд ҳужжати устидан шикоят қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланган бўлиб, унга кўра, тарафлар ва қонунда назарда тутилган ҳолларда бошқа шахслар суд ҳужжати устидан белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Қонунда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига функционал жиҳатдан айрим ўзгартиришлар киритилган. Жумладан, аввалги қонунда жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг раиси бир вақтнинг ўзида Олий суд раисининг биринчи ўринбосари ҳисобланган бўлса, янги қонунда маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг раиси Олий суд раисининг биринчи ўринбосари вазифасини бажариши назарда тутилган.

Шунингдек, Қонунда Олий суд Пленумига ҳам қўшимча ваколатлар белгиланган бўлиб, унга кўра, Пленум қонунчилик ташаббуси орқали ишлаб чиқилган қонун ҳужжатлари лойиҳаларни Олий мажлис Қонунчилик палатасига киритиш ҳақидаги тақдимномаларни ҳам кўриб чиқади.

Қонунда судьянинг даҳлсизлиги билан боғлиқ бир қатор ижобий ўзгаришларни ҳам кўриш мумкин. Масалан, судьянинг мустақиллигини чеклайдиган қонунчилик ҳужжатларини қабул қилишнинг тақиқланиши, судья ва унинг оила аъзолари ҳамда уларнинг мол-мулклари давлатнинг алоҳида ҳимоясида эканлиги ҳақидаги қоидалар шулар жумласидандир.

Қонунда судьянинг меҳнат таътили билан боғлиқ ўзгариш ҳам мавжуд бўлиб, унга кўра, судьяга ўттиз календар кунидан иборат асосий меҳнат таътили берилади. Ўн йилдан ортиқ судьялик иш стажига эга бўлган судьяларга эса уларнинг хоҳишига кўра, олти календар кунидан иборат қўшимча меҳнат таътили берилиши мумкин.

Бундан ташқари, янги Қонунда судьяларга бериладиган моддий-ижтимоий таъминот ва кафолатларга оид бир қатор ижобий ўзгаришларни ҳам кўриш мумкин.

Бир сўз билан айтганда, “Судлар тўғрисида”ги қонун янги Ўзбекистонда янги одил ва шаффош суд тизимини яратишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.


Жавлонбек Обидов
Фарғона вилоят судининг
судья катта ёрдамчиси