Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
"ПЎШТ, АРАВА! ЁКИ ДИҚҚАТ, БОЗОРДА ФИРИБГАРЛАР"
2022-02-15 11:11:24 532
Халқимизни ва юртимиз фаровонлигини бозорларга кириб билса бўлади. Киобларда ёзилган ёки улуғ ёшли қариялар сўзлаган қимматчилик ёки қаҳатчиликни бугунги авлод кўргани йўқ. Бозорга борсангиз барча камчиликлар битади, нима зарур бўлса барини савдолашиб, нархини бироз бўлса-да тушириб сотиб олишингиз мумкин. У ерда кимларни учратмайсиз, ёши-у қари, таниш-у нотаниш ва чет элдан келган сайёҳлар ҳамма-ҳаммани бозорда кўриш мумкин. Бозорлар кенгайиб, маҳсулотлар кўпайгани сари хизмат кўрсатиш соҳаси ҳам шунга мос ривожланмоқда. Бозорга борган ҳаридорларнинг ҳаммаси бўлмаса ҳам аксарият кўпи арава тортувчилар хизматидан фойдаланишади. Тўғриси, 3-4 минг сўм эвазига бутун бозорни сиз билан айланиб, ҳаридингизни аравага ортиб қулай жойга етказиб берувчи хизматчилар бўлгани яхшида.
Жиноят ишлари бўйича Қува тумани судида кўриб чиқилган навбатдаги ишнинг қаҳрамонларидан бири Фарғона шаҳар бозорида арава тортиб тирикчилик қилувчи Н.Алимжонов бўлди. Бу киши нафақада бўлиб, соғлиғи ва кучи етгани сабаб бекор юрмай бозорда арава тортиб, ҳаридорларга хизмат кўрсатади. Ўзи бировни аладамаган, ўзганинг ҳақидан қўрққани сабаб ҳаммани ўзи сингари ҳисоблаб одамларга ишонади ва соддалиги сабаб фирибгарлик жиноятига гувоҳ бўлди.
2021 йил 13 март куни шаҳар марказий деҳқон бозорига келган Ҳ.Валижонова уйидаги тадбир учун ҳарид қилган 1.300.000 сўмлик маҳсулотларни Н.Алимжоновнинг аравасига ортиб, ундан машиналар тураргоҳига олиб чиқиб кутиб туришни, ўзи ортидан етиб олишини айтган.
Юқорида айтганимиздек, бозорда тўғри, ҳалол инсонлар билан бирга дили, тили ёки қўли эгрилар ҳам бор. Бир ривоятда эшитган эдим, бозорда шайтон юриб, одамларни “йўлдан уришга” уринар экан. Тарозидан уриш, бировни ҳақини олиб қолиш, сифатсиз маҳсулотларни алдаб сотиш ва бошқа турли ҳалол бўлмаган ишларга шайтон қизиқтирар экан. Судланувчилар М.Саримсоқова ва Ф.Сохибова ҳам шайтонга шогирд тушганлардан бўлиб чиқишди. Илгари ҳам ўғрилик, фирибгарлик сингари қилмишлар содир этгани учун бир неча мартадан судланган бу шахслар соддадил Н.Алимжоновни чув туширишди. Уни бир арава маҳсулотлар билан кимнидир кутиб турганини кўриб, ўзларини маҳсулотларни сотиб олган шахснинг жиянлари экани, холаси яна кўп нарсалар сотиб олишини, шу сабабли уларга автотураргоҳда турган аравадаги нарсаларни уйга олиб кетишни буюрганини айтиб, Н.Алимжоновни алдаб, жабрланувчи Ҳ.Валижоновага тегишли маҳсулотларни фирибгарлик йўли билан эгаллаб, бозорда кетиб юборишган.
Н.Алимжоновдан бўлган воқеаларни эшитган Ҳ.Валижонова бу ҳақда Фарғона шаҳар ИИБга хабар берди. Бозорда мавжуд видеокузатув камераларида ёзиб олинган тасвирлар ўрганилганда, илгари ҳам юқоридагидек қилмишлар содир этиб, ИИБ ходимлари эътиборига тушган М.Саримсоқова ва Ф.Сохибованинг навбатдаги жиноий қилмишлари фош бўлди. М.Саримсоқова ва Ф.Сохибованинг судланганлик тарихига кўз ташлаб, Фарғона шаҳрида яшовчи бу шахслар Тошкент шаҳри, Самарқанд вилояти, Ургут тумани ва олис Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридаги бозорларда ҳам ўғрилик, фирибгарлик жиноятларини содир этишганини билиш мумкин. Судда жабрланувчига етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплангани ва унинг судланувчиларга даъвоси бўлмагани, Ф.Сохибованинг вояга етмагани ва М.Саримсоқованинг бир неча ойлик фарзанди борлиги эътиборга олиниб, уларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди. Зеро, ҳукмдан сўнг вояга етган Ф.Сохибова ақли кириб, М.Саримсақова эса она бўлиб эски ҳунарларни ташлашса. Ахир, гўдакка оқ сут берувчи она нопок йўллар билан нафсини қондирса, келажакда зурриёди ким бўлади? М.Саримсақова маҳкум эмас, она сифатида ўз қилмиши оқибатларини ўйлаб кўриб, тегишли хулоса қилишига ишонамиз.
Хулоса ўрнида яна бозорларга қайтайлик, у ердаги тўкинчилик, сотувчи ва ҳаридорларнинг ўзаро дилкаш суҳбатлари, тарафлар розилиги билан бўладиган баракали савдолар барчани дилини шод этади. Аммо ривоятда айтилганидек, одамлар ва пул бор жойда шайтон юриб, инсонни ёлғонга, таъмага ва бошқа нопок ишларга ундар экан. Шайтонга, унинг хизматида бўлган нафс аталмиш иллат домига тушишдан яратганни ўзи сақласин.
Зафаржон Омонов.
Жиноят ишлари бўйича
Қува тумани судининг раиси,