Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича Қува тумани ҳокими Х.К.Умаровнинг туман аҳолисига мурожаати
2022-04-11 18:21:01 650
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича Қува тумани ҳокими Х.К.Умаровнинг туман аҳолисига мурожаати
Азиз Қуваликлар!!!
Давлатимиз раҳбари раислигида шу йилнинг 2 февраль куни чиқиндилар билан ишлаш тизими ва экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш режа тадбирлари белгилаб берилди.
Президентимиз таъкидлаганларидек “Инсон қадри учун” тамойили асосида келгуси беш йилдаги барча ислоҳотларимиз аҳолига муносиб турмуш шароитини яратишга қаратилган.
Жумладан шахарлар, туманлар ва аҳоли пункитларида экологик вазият ва ҳаво тозалигини яхшилаш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини пухта тайёргарлик кўрган ҳолда бошланди. Ушбу лойиҳа доирасида мамлакатимизда йилига 200 млн.туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ва шу орқали мамлакатимиздаги “Яшил макон”ларни 8 фоиздан
30 фоизга ошириш режалаштирилди. 2 ноябрдан 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича “Долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.
Қува туманида ўтган 2021 йилнинг куз ойларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш мақсадида тумандаги мавжуд 825 та фермер хўжаликлари ер майдонларининг дала четларига, кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлар, корхона, ташкилот, муассасалар ҳовлиси, туман маркази ва йўл четларига, шунингдек махалла гузарларида
500 минг тупдан ортиқ мевали, манзарали дарахт ва гул кўчатлари экилди. Туман ёшларининг ташаббуси билан
5 гектар ер майдонига 1500 туп манзарали дарахтлар экилиб “Ёшлар боғи” ташкил этилди. Бу ишлар албатта бугунги кунда ҳам давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан ушбу йўналишда берган топшириқлари ижросини таъминлаш жорий йилнинг баҳор ойларида туманда қарийб 370 минг туп мевали, 530 минг туп манзарали ва гул ҳамда 1 млн туп тут кўчатлари экилишини режалаштириб олинди. Ушбу ишларни амалга ошириш учун туманимизда барча имкониятлар мавжуд. Қува тумани аввалдан кўчатчиликка ихтисослашган бўлиб, бугунги кунда
25 млн.туп мевали, 14 млн.туп манзарали, 4 млн.туп тут ва
9 млн.туп гул кўчатлари аҳоли томорқалари ва кооперациялар томонидан етиштирилмоқда. Бу эса ўз навбатида ушбу етиштирилган кўчатлар туман эҳтиёжидан ортиб қўшни вилоятларга ҳам етказиб берилади.
Экилган дарахтларни қуриб қолишини олдини олиш мақсадида ирригация тармоқлари қуриш, қудуқлар қаздириш ва томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш бўйича зарурий чоралар белгилаб олинди.
Азиз дўстлар!
Туманимизнинг гўзал қиёфаси, мусаффо ҳавосини асраш, фарзандларимизга обод юртни қолдиришимиз учун хар биримиз масъулмиз.
Халқимизнинг покликка бўлган интилиши, муқаддас динимизда ҳам ўз аксини топган. Миллий қадриятларимизда ҳам дарахт экиш савобли ва хайрли иш ҳисобланади.
Туманимизни янада кўкаламзорлаштириш, обод ва гўзал яшил маконга айлантириш учун хар бир фуқаро камида биттадан кўчат экиб, бутун юртимизда амалга оширилаётган хайрли ишга ўз хиссасини қўшиши зарур.
Азиз қуваликлар, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғил-қизларимиз барчангизни ўз уйингизда, кўчангизда, махаллангизда дарахт экиб обод этишга, туманимизни боғ ичидаги кўркам бир гўшага айлантиришга чақираман. Зеро ушбу хайрли ишларга ўз хиссаларини қўшган хар бир инсоннинг номи тарихда қолади.