Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 2 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi


ЗАМОНАВИЙ АЛДАРКЎСАНИНГ ҚИЛМИШЛАРИ

×

 2022-05-19 19:32:31    483

PDF yuklash
Chop etish


Эртаклардага машҳур Алдаркўса, халқни талаган, бировни ҳақини еган бойларни, нопок шахсларни алдаб, уларни чув туширган ва қўлга киритган мол-мулкларни камбағалларга тарқатган шахс экани барчага маълум. Алдаркўсани тарихда бўлганми ёки тўқима образми буни аниқ билмаймиз. Аммо “замонавий Алдаркўсалар” пайдо бўлгани ва орамизда юриб, одамларни чув тушираётгани бор гап. Бу фирибгарларнинг Алдаркўсадан фарқи, йўлидан чиққан, содда ва ишонувчан одамларни ҳар-хил илтимослар, турли важ ва гапларни айтиб алдашади, пул ёки мулкни эгаллаб, ўзларининг ҳакалак отган нафсини қондиришади, олган пулни қайтаришни ўйлашмайди, алданган одамлар эса берган пулини ёки мулкини қайтариб ололмай сарсон бўлишади.

Қува тумани судида кўрилган жиноят иши бўйича судланган Ахмедов Азизбек ҳам “замонавий Алдаркўса” чиқиб қолди. Марғилон шаҳрида яшовчи, кўринишидан зиёлисиймо, очиқ юзли, кулиб, чиройли гапириб ҳар қандай кишини эритиб юборувчи бу йигит, икки йил давомида кўплаб фуқароларни чув туширди, уларни алдаб пулларини, турли моддий қимматликларни алдов йўли билан қўлга киритиб, унга ишонган инсонларни ташвишга қўйди.  

Бир бошдан айтсак, 2019 йил сентябрь ойида А.Ахмедов жабрланувчи Э.Абдурахимовнинг икки дона жами нархи 1800 АҚШ долларлик  музлатгичларини сотиб олишини ва пулини уч кунда келтириб беришини айтиб, музлатгичларни олиб кетиб, уларни номаълум шахсларга сотиб, жабрланувчига пулларни бермай ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборди. Жабрланувчи Э.Абдурахимов пулларини олиш учун А.Ахмедовни икки йил аҳтариб чарчади ва уни алдаган шахс устидан ИИБга ариза берди.

А.Ахмедов эса, қилмишини давом эттириб 2021 йил 8 май куни Ф.Қурбоновни алдаб, унга ўзининг “Nexia-3” русумли автомашинаси борлиги ва агар 450.000 сўм берса, унга машинасини ижарага беришни айтиб, жабрланувчини ишонтириб унинг 450.000 сўм пулларини олиб кетиб, Ф.Қурбоновга қайта учрамади.

Бундан ташқари, судланувчи А.Ахмедов, 2021 йил 9 май куни Д.Махмудовнинг Марғилон шаҳар, “Ипакчилар” бозоридаги дўконига кириб, ўзига 550.000 сўмлик пойафзал сотиб олишини, агар Д.Махмудов унга 550.000 сўм берса ўзи уйидан 100 АҚШ доллари келтириб беришини айтиб, уни алдаб, тадбиркорнинг 550.000 сўм пулини олиб кетиб, унга бошқа йўлиқмади.

“Алдаркўса” Ахмедов юқоридагилар билан чекланиб қолишни истамади, одамларни алдаб пулларини олишнинг турли усулларини ўзлаштирди. Ўзини ижарага уй-жой топиб берувчи “маклер” деб айтиб, турар-жойга муҳтож талаба ва ёш оилаларни бир нечтасини чуш туширди.

Яна у ИИБ ЖҚБ ходимларига тақлид юриш-туришни, ўзини тутиш ва гапиришни ўрганди. 2021 йил 24 май куни А.Ахмедов Фарғона шаҳар, Б.Марғилоний кўчасидаги савдо дўкони сотувчиси О.Мадаминовга ўзини ИИБ ЖҚБ ходими деб таништириб, ундан 300.000 сўм пулни кечгача қайтариб беришини айтиб олиб, уни алдаб кетди.

Шунингдек, А.Ахмедов 2021 йил 14 июль куни Х.Сабировнинг Марғилон шаҳар, Туркистон кўчасидаги савдо дўконига келиб, ўзини ИИБ ЖҚБ ходими эканини айтиб, бетоб қариндоши учун дори олишини ва 950.000 сўм пул бериб турса кечгача унга пулларини қайтариб беришини айтиб уни алдаб, 950.000 сўм пулларни олиб, уни ҳам ўзининг гапи бўйича “ухлатиб кетди”.  

Юқоридаги усул ва йўллар билан “Алдаркўса” Ахмедов яна 20 нафар фуқароларни ишончига кириб, уларни алдаб, турли миқдордаги пулларини эгаллаб, ўз эҳтиёжига сарфлаб юборди.

Албатта, “Алдаркўса эртаги”нинг охири бўлганидек, А.Ахмедовнинг ҳам жиноий қилмишларига ИИБ ходимлари томонидан чек қўйилди. Айниқса, жабрланувчиларнинг аризаларида ёзилган, ўзини “жиноят қидирув ходими”-деб таништириб, одамларга фириб бераётган “сохта ходимни” ушлаш ИИБ ЖҚБ ходимларига обрў ва хурматни сақлаш учун ҳам зарур эди. Кўрилган тезкор чоралар натижасида А.Ахмедов ушланди, тергов ҳаракатлари давомида у томонидан содир этилган жиноятлар тўлиқ фош этилди ва фирибгар қамоққа олиниб, иш судга юборилди.

Судда А.Ахмедов барча қилмишларига тўлиқ иқрор бўлди, унинг ёшлиги, жабрланувчиларга етказилган моддий зарарларни тўлиқ бартараф этгани ва улардан кечирим сўрагани, ўз навбатида алданган фуқаролар уни кечиришгани ва судланувчига енгиллик сўрашгани эътиборга олиниб, судланувчига ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди ва А.Ахмедов қамоқдан озод этилди.  

Юқоридагидан хулоса қилиб, шуни айтиш жоизки, бировнинг мулкига кўз олайтириш, омонатга ҳиёнат қилиш ва бошқа нопок йўллар билан ҳаёт кечиришнинг охири вой. Бекорга доно халқимиз “олмоқнинг бермоғи бор”-деб айтмаган, барибир ўзганинг ҳақини еган одам бир кун келиб уни қайтаради ва қилмишига яраша жазосини олади. Шу сабаб, синовли дунёда ибратли ва имон билан ҳаёт кечирмоққа не етсин.

 

Жиноят ишлари бўйича

Қува тумани суди раиси :                           З.Омонов