Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
ВЕЛОСИПЕДДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!
2022-07-29 17:13:56 434
Йилдан-йилга йўлларда ҳаракатланаётган велосипедчилар сони ортиб бормоқда, фуқароларда бошқаришга осон, ҳар томонлама қулай ва айниқса соғлиққа фойдали транспорт тури - велосипедга бўлган эҳтиёж ортган. Шу билан бирга, велосипед бошқараётган шахс ҳам йўл қоидаларига риоя этиши зарур ва қоидалар улар учун ҳам мажбурий ҳисобланади. Аммо ичимизда буни билмайдиган ёки билса-да, “Йўл ҳаракати қоидалари”ни велосипедда “айланиб ўтиш” мумкин деб ҳисоблайдиган велосипедчилар ҳам бор экан.
Жумладан, ЖИБ Қува тумани судида мазмунан кўриб чиқилган жиноят иши қоидабузар велосипедчи С.Мухаммадалиевга таалуқли бўлиб, иш тафсилотига кўра, судланувчи 2022 йил 3 май куни соат 1200да “Қўқон” русумли велосипедини Қува тумани, Қайқуобод кўчасида бошқариб, “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 77-бандидаги қоидаларни бузиб, йўлни кесиб ўтаётган пиёдачи Р.Рузиматовани велосипедда уриб юбориши натижада жабрланувчи “оғир” тан жароҳати олган.
С.Мухаммадалиев судда, воқеа содир бўлган куни шошилгани боис велосипедини тез бошқаргани, манзилга тезроқ етиш учун қарама-қарши йўлакка ўтиб ҳаракатлангани ва белгиланган жойдан йўлни кесиб ўтаётган пиёдачини кўрса-да, велосипедни бошқара олмай қолиб пиёдачини уриб юборганини баён этиб, жабрланувчидан кечирим сўраб, унга велосипеди нархиданда ортиқроқ миқдорда етказилган моддий зарарни қоплади.
Суд муҳокамасида жабрланувчи Р.Рузиматованинг қодабузар велосипедчига нисбатан даъвоси йўқлиги ва уни кечиргани эътиборга олиниб, С.Мухаммадалиевни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 268-моддаси 1-қисми билан айблаш ҳақидаги жиноят иши томонлар ярашгани сабабли ҳаракатдан тугатилди.
Юқоридагилардан хулоса қилиб, шуни айтиш лозимки, қандай турдаги транспортда ҳаракатланишдан қатъий назар, “Йўл ҳаракати қоидалари” ҳаракатнинг барча иштирокчилари учун мажбурийдир, унга амал қилмаслик эса қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади. Шунинг учун, велосипедчиларга айтар сўзимиз, велосипедда кўпроқ ҳаракатланинг, соғлиғингизни яхшиланг лекин доимо қоидаларга амал қилинг, уларни бузиб, ўзингизни ва бошқаларни ташвишга қўйманг, юқоридагилардан хулоса қилинг!
Жиноят ишлари бўйича
Қува тумани суди раиси, Зафаржон Омонов.