Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 2 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi


ЗЎРАВОНЛИК ВА УНИНГ САБАБЛАРИ

×

 2022-12-06 14:42:17    249

PDF yuklash
Chop etish


Сўнги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотларнинг негизида, аввало, инсон олий қадрият эканлигини эътироф этувчи ғоя мужассам.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш.Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида “Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва Кенгаш доирасидаги фаолиятимизнинг устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат. Биринчидан, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туради. 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили асосида амалга оширилади. Иккинчидан, биз гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларни қатъий давом эттирамиз”-деб таъкидлагани ҳам бежиз эмас.

Юқоридаги фикр, жамиятни демократлаштириш жамиятда умуминсоний қадриятлар, инсон ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва манфаатлари алоҳида эътироф этилишини назарда тутган.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг бир неча моддаларида инсоннинг ҳаёти, соғлиғи ва шаъни дахлсизлигига бўлган ҳуқуқлар кафолатланган, шунингдек, шахсга зўравонлик қилиш ва уни қийноққа солиниши мумкин эмаслиги мустаҳкамланган. Жумладан, Конституциянинг 24-моддасига биноан, инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир. Шунингдек, 27-моддага мувофиқ, ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон давлати ва жамиятининг ҳозирги ривожланиш босқичида бозор иқтисодиёти муносабатлари шароитида асосий меҳнат ресурси сифатида инсон омили, хусусан унинг ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш масаласи халқаро миқёсда долзарб аҳамият касб этиб бораётганлиги муносабати билан шахсни ҳуқуқий воситалар ёрдамида муҳофаза қилиш аҳамияти бир неча маротаба ортган.

Инсонга зўравонлик қилиш, жисмоний ва руҳий азоб етказиш ҳамда унинг шаън ва қадр-қимматини таҳқирлашга сабаб бўладиган қилмишлар учун қонунларга мувофиқ тегишли жавобгарлик назарда тутилган. Шахсга зўравонлик жисмоний шикаст билан бир вақтнинг ўзида жабрланувчига жиддий маънавий зарар ҳам етказади, таъбир жоиз бўлса, айрим ҳолларда маънавий зарар оғир оқибатларга сабаб бўлади. Айни дамда жамиятимизда мавжуд зўравонлининг латентлик даражаси жуда юқори бўлиб, бунга оид махсус статистик маълумотлар ишнинг ҳақиқий ҳолатини акс эттира олмаслиги вазиятни янада чигаллаштиради.

Хусусан, Қува тумани мисолида жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар таҳлил қилиб, ўрганилганда туман ички ишлар органларига тиббиёт муассасаларидан бир йилда 500 тадан 700 гача зўравонлик билан баданга шикаст етказилганлиги тўғрисида хабарлар келиб тушиши аниқланган. Бундай ҳолатлар кўп бўлишига қарамай, амалиётда бу соҳада айрим камчиликлар кузатилмоқда. Хусусан, жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарорлар кўриб чиқилганда, уларнинг катта қисми жабрланувчининг аризаси мавжуд бўлмаса-да, ишни қўзғатиш рад этилгани аниқланди. Бундан ташқари, суд амалиётини ўрганиш натижалари шуни кўрсатадики, зўравонлик билан боғлиқ ишларни тергов қилишда, жабрланувчига нисбатан содир этилган муттасил дўппослаш, хўрлаш, қийнаш, вояга етмаган шахсга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш каби ҳолатларни ёритмай, жиноят объекти сифатида баданга шикаст етказишга эътибор қаратилиб, иш ҳолатлари тўғри баҳоланмаган.

Буларнинг барчаси, зўравонликнинг ўзига хос жиҳатлари етарли кўламда ўрганилмагани ва унга қарши курашда ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий, тарбиявий ва бошқа таъсир чоралари мажмуини ишлаб чиқиш ва изчиллик билан тадбиқ этиш зарурияти мавжудлигини кўрсатади.

Бунда зўравонликка қарши курашда жиноий, маъмурий ёки бошқа турдаги жавобгарликни белгиловчи ҳуқуқий нормаларни янада такомиллаштириш ва пировардида уларнинг самарадорлигини ошириш қоридаги салбий ҳолатга қарши курашнинг таркибий ва ажралмас қисмидир.

Зўравонлик бошқа шахснинг дахлсизлиги ва соғлиғига қўпол тажовуз қилиш орқали унинг шаъни ва қадр қимматини камситади. Бундай ҳолатларда, одатда, ҳимоясиз ва етарли даражада ҳимояланмаган инсонлар зарар кўрадилар. Бундайлар қаторига аёллар, болалар ва қарияларни киритишимиз мумкин. Зўрлик ишлатиш ва қийнаш, асосан оила-хўжалик муносабатларида кенг тарқалган. Бундай қилмиш натижасида жабрланувчилар нафақат жисмоний азобланадилар, унинг ўзи ва ота-онаси ҳамда бошқа қариндошларининг руҳий ҳолатига ҳам ёмон таъсир кўрсатади.  Зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятлар ижтимоий хавфлилиги ва оқибатларининг оғирлиги даражасига кўра бошқа жиноий қилмишларга нисбатан оғирроқ ҳисобланади. Чунки, бундай жиноятларни содир этаётган шахслар турмуш ва дам олиш микромуҳитида ҳам зўрлик ишлатади. Бундай жиноий қилмишлар умуминсоний аҳлоқ нуқтаи назаридан ҳам жиддий қораланади. Бу жиноятлар айбдорнинг зўрлик қилиши, унинг аҳлоққа зид шафқатсизлигидан далолат беради.

Зўравонлик билан содир этиладиган жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ҳақида фикр юритсак, шуни инобатга олиш лозимки, бу қилмиш фақат қасддан содир этилади. Бу эса зўравонликнинг бадниятлилигидан далолат берадики, ўз навбатида, бу ижтимоий хавфлилик даражасини яна бир карра оширади.

Юқоридагилардан шуни хулоса қилиш мумкинки, зўравонлик ишлатиб содир этилган жиноятлар юқори ижтимоий хавфлилик даражасига эга ва бу тажовуз объекти, айб шакли, келиб чиққан оқибатларнинг оғирлиги ва содир этилиш усули билан асосланилади.

Шунингдек, зўравонликнинг жамиятимизда кенг тарқалганлиги ўта салбий ҳолатлигини таъкидлаш зарурдир. Ўтказилган тадқиқот маълумотларига қараганда, шахсга қарши зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятларнинг кўпчилиги оила-хўжалик низолар туфайли келиб чиқади. Бу эса, зўравонликнинг латентлик даражасига сезиларли даражада таъсир кўрсатади ва расмий статистик маълумотлар ҳақиқатдан узоқ бўлади. Ҳозирда Ўзбекистонда зўравонликдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари учун статистик маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш бўйича электрон журнал ишлаб чиқилган ва бугунги кунда 197 та реабилитация марказлари фаолият юритмоқда. Маълумотга кўра, ушбу марказларда жорий йил декабрь ойигача 20 мингдан ортиқ фуқаролар мурожаатлари қабул қилинган. Зўравонлик туфайли мурожаат этганларнинг 986 нафари эркак, 788 нафари бола ва 19784 нафари аёлларни ташкил этган.

Юқорилаги сўровнома натижаларига кўра, оиладаги зўравонликларнинг 95 фоизи турли оилавий-маиший можаролар сабаб содир этилган, сўралувчилар ушбу можароларнинг 35,5 фоизи бир неча ойдан буён давом этаётганини таъкидлашган. Юқоридаги зўравонликларнинг 88 фоизида куч ишлатилгани, 76,7 фоиз жабрланувчилар эса уларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳақида илгари ҳеч қаерга ҳабар беришмаганини маълум қилишган. Бунинг асосий сабаблари сифатида, “ҳеч ким ёрдам бера олмайди”-деб ўйлаш, ҳеч кимга ишонмаслик, уйдаги гапларни кўчага олиб чиқмаслик, муаммони ўзи барҳам топишига ишониш, шунингдек, зўравон томонидан янада қаттиқроқ таъқибдан қўрқиб, уятдан, оиласини бузилиб кетишидан, фарзандлари келажагидан ташвишланиб зўравонлик ҳақида ҳабар беришмаган.

            Зўравонлик қилган шахслар характери ва уларнинг жиноятга бошлаган асосий мотивлар ўрганилганда асосан зўравонлар оилада ўз ҳукмини ўтказиш, турмуш ўртоғи ёки фарзандларни “ақлини киритиб қўйиш”, оиладагиларни ўз вазифасини тўлиқ бажармагани учун, шунингдек, шахсий ҳаёти, иш ёки ўқишдаги муваффақиятсизликлар, ишсизлик, оиладаги етишмовчиликлар, рашк, ҳиёнат, кўра олмаслик, ғаразлик, ўзаро хурматсизлик, маънавиятсизлик, ичкиликбозлик ва гиёҳвандликка берилиш каби иллатлар сабаб экани аниқланган. Юқоридаги маълумотлар зўравонликнинг асосан оилаларда қанчалик кенг тарқалганидан ва унинг қай даражада ижтимоий хавфлилигидан далолат беради.

Албатта, зўравонликка қарши курашда унинг учун белгиланган ҳуқуқбузарлик ёки жиноий жавобгарликни кучайтириш бу қилмишнинг ижтимоий хавфига барҳам беради, деб ўйлаш нотўғри. Мазкур турдаги қилмишлар миқдорини энг кам даражага қадар камайтириш учун маъмурий ва жиноят-ҳуқуқий тақиқлаш нормалари билан бирга, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, тарбиявий, интизомий, ташкилий ва бошқа қатор чораларнинг бутун бир мажмуини ишлаб чиқиш ва амалда татбиқ этиш лозимдир. Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий мада-
ниятни юксалтириш, тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик
муҳитини яратиш бўйича ҳаракатларни изчил амалга ошириш содир бўлаётган зўравонликнинг камайишига олиб келиши аниқ.

 

 

Зафаржон Омонов                               Жиноят ишлари бўйича Қува

тумани судининг раиси