Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ворислик ҳуқуқи, у қандай ва қай тартибда амалга оширади?
2023-02-20 13:04:46 407
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига асосан ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади.
Васият мавжуд бўлмаса ёки васият барча меросни тақсимламаса, қонун бўйича ворислик қўлланилади.
Васият ва қонун бўйича ворислар сифатида мерос очилганда ҳаёт бўлган шахслар, мерос қолдирувчи ҳаётлигида ҳомила ҳолида бўлиб, мерос очилгандан сўнг тирик туғилган болалар бўлиши мумкин.
Мерос очилганда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киради.
Қуйидагилар мерос қолдирувчининг шахси билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳисобланади ҳамда мерос таркибига кирмайди:
тижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларга аъзолик, уларда иштирок этиш ҳуқуқлари;
ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарар учун товон ундириш;
алимент ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар олиш ҳуқуқи;
шахсий номулкий ҳуқуқлар.
Мерос қолдирувчининг шахсий номулкий ҳуқуқлари ва бошқа номоддий бойликлари меросхўрлар томонидан ҳимоя қилиниши мумкин.
Мерос фуқаро ўлганидан ёки у суд томонидан вафот этган деб эълон қилингандан кейин очилади.
Мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланади.
Мерос қолдирувчини ёки меросхўрлардан бирортасини қасддан ўлдирган ёки уларнинг ҳаётига суиқасд қилган, шунингдек мерос қолдирувчига мерос қолдириш вақтида таъсир ўтказган шахслар васият бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.
Фуқаро мол-мулкини у вафот этгандан кейин кимгадур қолдириш ҳақидаги хоҳиш-иродаси васият ҳисобланади.
Васиятнома шахсан тузилади, васиятномани вакил орқали тузиш мумкин эмас.
Васият қилувчи меросхўрлардан истаганини ҳеч қандай изоҳсиз меросдан маҳрум қилишга ҳақли.
Мерос қолдирувчи васиятнома тузилганидан кейин уни истаган пайтда бекор қилиши ва ўзгартириши мумкин.
Васиятнома ёзма шаклда жойи ва вақти кўрсатилиб тузилади.
Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши лозим.
Нотариал тасдиқланган васиятнома васият қилувчи томонидан ёзилган ёки унинг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган бўлиши лозим.
Қуйидаги васиятномалар нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилади:
касалхоналар, госпиталлар, бошқа стационар даволаш муассасаларида даволанаётган ёки кексалар ва ногиронлар учун интернат уйларида яшаб турган фуқароларнинг ана шу касалхоналар, госпиталлар ва муассасаларнинг бош врачлари, уларнинг ўринбосарлари ёки навбатчи врачлари, госпиталларнинг бошлиқлари, интернат уйларнинг директорлари ёки бош врачлари томонидан тасдиқланган васиятномалар;
фуқаролар Ўзбекистон байроғи остидаги кемаларда сузиб юрганда кема капитанлари томонидан тасдиқланган васиятномалар;
қидирув экспедицияларидаги фуқароларнинг ана шу экспедициялар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;
ҳарбий хизматчиларнинг командирлар томонидан тасдиқланган васиятномалари;
озодликдан маҳрум этиш жойларида ёки қамоқда сақланаётган шахсларнинг муассасалар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;
нотариус бўлмаган ҳудудда нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга шахслар томонидан тасдиқланган васиятномалар.
Нотариус, васиятномани тасдиқловчи бошқа мансабдор шахслар мерос очилгунгача васиятномага оид маълумотларни ошкор қилиши мумкин эмас.
Тегишли шаклда тузилмаган васиятнома ҳақиқий ҳисобланмайди.
Қува туман адлия бўлими бошлиғи Г.Қодирова