Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Фуқаролар йиғини раиси сайлови бу йил қандай ўтади?
2019-04-06 10:58:43 881
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови юртимиз ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий жараёнлардан саналади. Мазкур воқелик мамлакатимизда шаклланган демократик сайлов тизимининг узвий қисми бўлиб, унда фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этади. Бу жиҳатларга «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунида алоҳида эътибор қаратилган.
Мазкур қонун бевосита маҳалла ҳаётига дахлдор бўлиб, унинг фаолият мезонларини белгилаб беради. Ҳужжат фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари сайлови тизимини маҳалла оқсоқолларига қўйилаётган янгича талаблар асосида амалга оширишга қулай шароит яратиш, сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини янада оширишга йўналтирилган.
Қува туманида ҳам бу борада сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан тумандаги 65 та махалла фуқаролар йиғинларида вакиллар йиғилишлари чақирилиб фуқаролар йиғинида сайловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш билан боғлиқ ташкилий тадбирларни амалга ошириш учун фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан 7-15 кишидан иборат 65 та ишчи гуруҳлар тузилди. Уларнинг таркибига тегишли ҳудудда жойлашган фуқаролар йиғинлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ходимлари, шунингдек, халқ депутатлари туман Кенгашининг депутатлари киритилади.
Жорий йилнинг 19 март куни Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловига кўмаклашувчи туман комиссияси томонидан ишчи гуруҳ раислари иштирокида дастлаб йиғилиш ўтказилиб, келгусида қилиниши лозим бўлган ишлар ва олдинда турган вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек йиғилишда ишчи гуруҳ раисларига олдинги амалиётда маҳалла раиси фуқаролар йиғини томонидан эмас, балки фуқаролар вакилларининг йиғилиши томонидан сайланганлиги, бунда сайловчилар номидан атиги 50-80 нафар вакил овоз берганлиги, эндиликда сайловларда бевосита фуқароларнинг ўзлари кўпроқ иштирок этишини таъминлаш мақсадида ҳовлилар, уйлар, кўчалардан фуқаролар вакиллигининг минимал нормаси белгиланганлиги тушунтирилди.
Бунда вакилларнинг сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида ўн икки фоизини ташкил этиши керак. Дейлик, бундай ҳолатда маҳаллада яшовчи ўртача 3 минг нафар сайловчи номидан 360 нафар вакилнинг сайловда иштирок этиши таъминланади.
Ўз навбатида, фуқаролар вакилларига ҳам ўрнатилган талаблар тушунтирилди. Унга кўра, эндиликда ташкилотчилик қобилиятига, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга кишилар вакил бўлишади. Раис лавозимига кўрсатилган номзодлар ёки уларнинг яқин қариндошлари вакил бўлиши мумкин эмас. Албатта, бу тизимнинг йўлга қўйилгани сайловнинг янада шаффоф, демократик қоидаларга мос равишда ўтишини таъминлайди.
Фуқаролар йиғини раиси
(оқсоқоли) сайловига кўмаклашувчи
туман комиссияси раиси
М.Сайфутдинов