Каркидон сув омбори ҳудудида замонавий дам олиш масканлари барпо этилмоқда
Сўнгги йилларда Қува туманида туризм салоҳиятини ривожлантириш, аҳоли ва меҳмонлар учун замонавий дам олиш имкониятларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, табиат гўзаллиги билан машҳур Каркидон сув омбори атрофида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ҳозирги кунда мазкур ҳудудда замонавий талабларга жавоб берадиган дам олиш масканлари қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда. Мавжуд дам олиш масканлари ҳам тубдан янгиланиб, ҳудуд дизайни, инфратузилмаси ва сервис хизматлари жиҳатидан янги қиёфа касб этмоқда. Бунда кўзланган асосий мақсад эса ташриф буюрувчиларнинг сифатли ва мазмунли дам олиши учун барча шароитларни яратишдир.
Шунингдек, Каркидон сув омбори ҳудудида экотуризм ва оилавий сайёҳликни ривожлантириш мақсадида меҳмонхоналар, ресторанлар, миллий услубдаги кафе ва кўнгилочар масканлар қурилиши ҳам амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, замонавий талабларга жавоб берадиган "Эко бозор" лойиҳаси доирасида маҳаллий маҳсулотлар савдоси ва ҳунармандчиликни намойиш этувчи павильонлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Каркидон сув омбори ҳозирда нафақат маҳаллий аҳоли, балки республиками ҳудудлари ва чет элдан ташриф буюрувчи сайёҳлар учун ҳам жозибадор масканга айланмоқда. Бу ердаги ўзгаришлар туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.