Қува туманида сентябр ойи “Оилаларни мустаҳкамлаш ва ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш ойлиги”
Тинч ва фаровон ҳаётимизга шукрона келтириб, жонажон Қувамизни энг файзли, энг обод, энг кўркам ҳудудга айлантирайлик!
Қува тумани фаолларининг туман аҳолисига МУРОЖААТИ
Азиз ватандошлар, қадрли қуваликлар!
Энг аввало, шуни фахру ифтихор билан таъкидлаймизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимиздаги барча соҳа ва тармоқларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, инсон қадри ва манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилмоқда.
Ушбу ислоҳотларнинг ҳаётбаҳш нафаси бугун туманимиз марказидан тортиб энг чекка маҳаллаларгача кириб бормоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Қува туманига қаратган эътибори, яратиб берган шароитлари ва имкониятлари натижасида бугун туманимизда жадал ободонлаштириш, қурилиш ва ривожланишнинг гувоҳи бўласиз. Илгари кўримсиз ҳолга келиб қолган туманимиз марказидаги “Хотира ҳиёбони” бугун таниб бўлмас даражада ўзгарди, “Ҳўжам пошшо” мақбараси қайта таъмирланиб, бу ерга ташриф буюрувчилар учун шинам ва замонавий шароитлар яратилди. Айниқса, туман марказидаги “Бўстон” кўчасида замонавий архитектура талаблари асосида қурилган 24/7 тартибида ишловчи савдо, маиший ва ҳизмат кўрсатиш объектларнинг барпо этилиши барча қуваликларнинг қувончига қувонч қўшмоқда. Шунингдек, “Қақир” қишлоғида юз бераётган ўзгаришлар, ободончиликлар, “Каркидон” сув омбори ҳудудидаги “Яшил макон” лойиҳаси асосидаги барпо этилаётган боғ-у роғлар, сайёҳлар учун шароит яратиш, ҳизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида замонавий дам олиш масканлари, меҳмонҳона, ресторан барпо этиш орқали сайёҳлик масканига айлантириш ишлари жадал амалга оширилмоқда.
Бу ўзгаришлар ҳар бир қуваликнинг қалбига шукроналик туйғуларини бағишлаши шубҳасиз.
Азиз қуваликлар!
Маълумки, иқтисодиёт аниқ рақамлар, ҳисоб-китоблар билан бирга одамлар турмуш тарзида юз бераётган реал ўзгаришлар ва натижадорликни ёқтиради. Бу борада салмоқ ва натижалар жадал суръатларда ошиб бораётганига, аҳоли даромадларида ўсиш турмуш шароитида сезиларли ўзгаришларнинг содир бўлаётганига халқимиз гувоҳ бўлиб турибди.
Туманимиздаги иқтисодий ўсиш натижасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилдаги
360,0 млрд.сўмдан 2024 йил якунида қарийб 2,5 баробар ошиб, 800,0 млрд сўмга етказилди. Бунда аҳоли жон бошига тўғри келадиган саноат маҳсулотлари 1,1 млн.сўмдан 2,7 сўмга кўпайди.
Туманда етиштирилган қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари 2017 йилда саноқли мамлакатларга 20 млн.доллорга яқин экспорт қилинган бўлса, бугунги кунга келиб, маҳсулотларимиз 30 дан ортиқ мамлакатларга экспорт қилиниб, 6 баробарга ошди ва бугунги кунда 120 млн.доллорга етди.
Аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида ўтган 8 йил давомида 1736 хонадонли 62 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилгани бу борадаги ишлар кўлами нақадар ошганини кўрсатиб турибди.
Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади инсон учун, унинг эркин ҳаёти, қадр-қиммати ва фаровонлигига қаратилган. Туманимизда аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, янги корхоналарни ташкил этиш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали аҳоли даромадини юксалтириш, турмуш тарзини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Қува туманига киритилаётган ҳорижий инвестициялар ҳажми 2017-2024 йиллар давомида 500,0 млн.доллорга етди.
Жорий йилда туманимизда маҳаллар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш мақсадида қарийб 40,0 млрд сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
Азиз ватандошлар!
Амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришаётган натижалар замирида энг аввало халқимиз фаровонлиги, оилаларимиз тинчлиги туради. Бугун ҳар бир ватандошимизнинг қалбида “Уйинг обод бўлса, кўчанг обод бўлади, маҳалланг обод бўлса, қалбинг обод бўлади” деган ҳаётий шиор ҳар бир фуқаронинг, маҳалла фаолининг кундалик фаолиятида дастуриламалга айланиши даркор. Бунинг учун бугунги доруломон кунларга шукрона келтириб, қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратайлик:
Энг аввало ушбу файзли кунларда юрт ободлиги, оилаларимиз ва маҳалламиз фаровонлиги йўлида бирлашайлик! Ҳар биримиз ўз уйимизда “Обод хонадон” мезонларини жорий этайлик. Қўни-қўшнилар, маҳалладошлар ва ёшларни жалб этган ҳолда аввало ўз ҳонадонимиз, кўча ва маҳаллаларимизда ҳашарлар ташкил этайлик;
– Маҳаллаларимизда маърака ва маросимлар ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш каби салбий, исрофгарчиликка сабаб бўлувчи иллатларнинг олдини олиб, “куёв чақириқ”, “келин кўриш”, “мучал тўйи”, “қизлар мажлиси” каби ўйлаб топилган маросимларга буткул барҳам берайлик;
Маълумки, оила – жамиятнинг асоси, юртимиздаги барқарорлик ва тараққиётнинг пойдеворидир. Мустаҳкам ва тотув оила бор жойда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва фаровонлик ҳукм суради.
Афсуски, сўнгги йилларда айрим оилаларда ажрим ҳолатлари кузатилмоқда. Бу нафақат икки инсон тақдирига, балки фарзандлар тарбиясига, бутун жамият муҳитига салбий таъсир кўрсатиши ҳеч кимга сир эмас. Шу боисдан, сентябр ойини туманимизда “Оилаларни мустаҳкамлаш ва ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш ойлиги” деб белгиланди.
Қадрли опа-сингиллар, кайвони онахонлар, қадри баланд отахонлар, ҳурматли фаоллар!
Жамиятимизнинг энг муҳим бўғини бўлган оилалар тинчлигини асраб қолишда камарбаста бўлайлик. Токи, оила бузилиб, келажагимиз эгаси бўлган фарзандларимиз етим бўлиб қолишмасин.
Бунинг учун барчамиз бирдам бўлиб, ҳамжиҳатликда, бамаслаҳат қуйидаги тадбирларни амалга оширсак кўзлаган мақсадларимизга эришамиз.
Жумладан;
Эрта никоҳларнинг олдини олиш мақсадида маҳаллаларда ҳотин-қизлар, айниқса ёшлар ўртасида, унинг салбий оқибатларини тушунтириш;
Ажрим ёқасига келган оилалар билан индивидуал иш олиб бориш, уларнинг муаммоларини ўрганиш, бунда ёши улуғлар иштирокида ҳаётий мисоллар билан тушунтиришлар олиб бориш;
Ҳудуддаги тадбиркорлар, ҳомийларни жалб этган ҳолда мазкур оилалардаги ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш чораларини кўриш;
Маҳаллалардаги “Аёллар маслаҳат кенгашлари” ва “Кексалар маслаҳат гуруҳлари”, “Бувижон мактаби”, “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, фаолиятини янада жонлантириш, уларга малакали псиҳологлар ва ҳуқуқшуносларни жалб этиш;
Қуда-андачилик муносабатларини яхшилаш, бунда иккала томоннинг фикрларини ўрганиш, ўзаро мехр оқибат туйғуларини шакллантириш;
Тўй маросимларини ихчамлаштириш, ортиқча сарф ҳаражатларга йўл қўймаслик, дабдаба ва буюмлар бахт олиб келмаслиги, ушбу маблағларни фарзандларнинг келажаги, эртанги куни учун сарфлаш зарурлиги юзасидан тушунтиришлар олиб бориш;
Тўй маросимларни миллий қадриятларимиз асосида ўтказиш, ортиқча маросимларни ўтказишга йўл қўймаслик
Қизларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаш, турмуш синовларига бардош бера олиш кўникмасини шакллантириш, бунда ота-оналарнинг, айниқса ёши улуғ кексаларимизнинг рўлини ошириш;
Оилаларнинг қонуний асосини мустаҳкамлаш, бунда расмий никоҳдан ўтмай, шаръий никоҳда яшаётган оилаларни никоҳини расмийлаштириш;
Энди никоҳ қуриш остонасида турган ёшларни “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари” ҳамда “Оила масканлари”да никоҳга қадар икки ёшни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича суҳбатлар ўтказиш. Бунда бўлажак эр-хотин сифатида улар бир-бирининг феъл-атворини ўрганиши учун имконият яратиш, мутахассислар, хусусан, психологларни жалб этиш орқали оила қуришга аҳд қилган ёшларнинг дунёқараши, орзу-истаклари, рўзғор юкини биргаликда торта олиши ёки йўқлигини, дунёқарашлари нечоғлик мувофиқ келишини, ота-она бўлишга тайёрлигини психологик тестлар, усул ва воситалар ёрдамида аниқлаш;
Аҳоли ўртасида ён шажара бўйича қариндош-уруғлар (ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ва шунга ўхшашлар) ўртасидаги никоҳга йўл қўймаслик ҳамда соғлом бола туғилиши, ривожланиши ва унинг тарбиясини ижобий йўлга қўйишда оилада соғлом турмуш тарзига (ичкилик, тамаки маҳсулотлари ва бошқа зарарли одатларнинг олдин олиш) амал қилиш тадбирларини ўтказиш ва ушбу тадбирларга тажрибали онахонлар, қайноналарни жалб этиш;
Ёши улуғ онаҳонлар, отинойилар иштирокида жойларда учрашувлар ўтказиб, “Оила муқаддас-никоҳ муқаддас” эканлиги ҳақида тушунтириш олиб бориш, бунда Оила – инсоннинг энг муқаддас маскани, жамиятнинг пойдевори, юртимиз тараққиёти ва барқарорлигининг асоси эканлиги, мустаҳкам ва тотув оила бор жойда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва фаровонлик бўлиши ҳақида ҳаётий мисоллар билан суҳбатлар ўтказиш орқали уларнинг маънавиятини ошириш, маърифатли қилиш зарур.
– Қадрли юртдошлар, азиз қуваликлар!
Ёшлар тарбиясида янада фаол бўлайлик. Ёш авлод билан турли учрашувлар, суҳбатлар ташкил этиб, уларга бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етишни, ватанни севишни, атрофидаги инсонларга ҳурмат билан қарашни ўргатайлик, уларни илм олишга, ҳунар ўрганишга ва кўпроқ китоб ўқишга даъват қилайлик. Ота-оналарни қадрлаш, кексаларга ҳурмат кўрсатиш, беморларнинг ҳолидан хабар олиш, ёрдамга муҳтож кимсаларни қўллаб-қувватлаш каби инсоний фазилатларни ёшларга ўргатайлик.
– Бугунги мустақиллигимиз осонликча қўлга киритилмаганлиги, бу йўлда қанчадан-қанча маърифатпарвар зиёли аждодларимиз, жадид боболаримиз жонларини фидо қилганликларини ёшларимизга эслатиб, уларни мустақиллик неъматларини қадрлашга чорлайлик.
Туманимизнинг қадрли меҳнаткашлари ва бағрикенг аҳолиси!
Ҳаётимизда юз бераётган ўзгаришларнинг барчаси истиқлол шарофатидандир.
Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек: “Кейинги йилларда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида улкан қадамлар қўйдик. Ҳар бир ишимиз, ҳар бир ютуғимизда истиқлолнинг буюк қудрати намоён бўлмоқда. Ватанимиз дунёга дунё эса юртимизга кенг очилмоқда. Минтақамиз ва бутун жаҳонда дўстларимиз, ҳамкорларимиз кўпаймоқда.”
Дарҳақиқат, буюк алломалар юрти, олиму фозиллар юрти, ҳунармандлар, уста-деҳқонлар ва боғбонлар юрти бўлган Қувамиз истиқлол неъмати туфайли гуллаб-яшнамоқда. Биз юртимиз тинчлиги, фаровонлиги, халқимизнинг бахту саодати йўлида бирлашиб, шу юртни асраб-авайлашга ва келажак авлодга осмони тинч, замини фаровон юртни мерос қилиб қолдиришга бурчлидирмиз.
Биз Сизларни бир масалага чорлаймиз:
Оилаларимизда меҳр-оқибат ва ҳурмат устувор бўлсин.
Қандай муаммо бўлмасин, уни аҳиллик ва маслаҳат йўли билан ҳал этайлик.
Фарзандларимизга самимий муносабат ва намуна кўрсатайлик.
Билингки, оилавий тотувлик – келажагимиз кафолати. Ҳар бир уйда барқарорлик ва хушнудлик ҳукм сурса, туманимиз ҳам, юртимиз ҳам янада равнақ топади.
Биргаликда ҳаракат қилсак, ажримларга йўл қўймаймиз, оилаларни асраб қоламиз, фарзандларимиз учун соғлом ва самимий муҳит яратамиз.
Оилаларимиз тинч, Ватанимиз мустақиллиги абадий бўлсин!
Қува туманида 350 нафар нуронийлар иштирогидаги йиғилишда ушбу Мурожаат қабул қилинди
Ҳурмат билан:
Ҳалимжон УМАРОВ,
Қува тумани ҳокими, Нуронийлар ва ота-оналар Кенгаши раиси.
Матлубахон ХОЛМАТОВА,
Қува тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи.
Зоҳиджон АШУРОВ,
“Нуронийлар” жамғармаси туман бўлими раҳбари.
Абдували ИСАХОНОВ,
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси туман бўлими раҳбари.