Қува туманида Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан байрам тадбирлари ўтказилди
15 октябрь — Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан Қува туманида байрам тадбирлари кўтаринки руҳда ташкил этилди.
Дастлаб тумандаги пахта йиғим-терими жараёнида фаол иштирок этиб келаётган хотин-қизлар учун далалар бағрида байрам дастури бўлиб ўтди. Тадбирда туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Матлубахон Холматова, Маҳалла уюшмаси туман бўлими раҳбари Абдували Исахонов, вилоят Кенгаши депутати Фаридахон Хошимова ҳамда бир гуруҳ фаоллар иштирок этди.
Тадбир давомида меҳнатда фидокорлик кўрсатаётган қишлоқ хотин-қизларига эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, туманимизнинг истеъдодли санъаткорлари ижросида куйланган қувноқ куй-қўшиқлар ва рақслар йиғилганларга байрамона кайфият улашди.
Байрам муносабати билан маҳаллаларда истиқомат қилаётган ногиронлиги бўлган хотин-қизлар ҳонадонларига ҳам ташриф буюрилди. Уларга байрам совғалари ва соғломлаштириш сиҳатгоҳларига йўлланмалар топширилди.
Ушбу тадбирлар қишлоқ аёлларининг жамиятдаги ўрни ва меҳнатини эътироф этиш, уларга бўлган меҳр-эҳтиромни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.