Қувада янги имкониятлар: “Heyal Holding” делегацияси билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
Қува туманида инвесторлар учун кенг эшиклар очилмоқда. Бугун Туркиянинг нуфузли “Heyal Holding” компанияси бошқарув раиси Вехдеттин Хеял бошчилигидаги тадбиркорлар делегацияси туманга амалий ташриф буюриб, қатор йўналишларда ҳамкорлик имкониятларини ўрганишди.
Ташриф аввало Қува тумани ҳокими Ҳалимжон Умаров билан бўлган самимий учрашувдан бошланди. Мулоқот вақтида туманда туризм, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш йўналишларида амалга оширилиши мумкин бўлган қўшма лойиҳалар муҳокама қилиниб, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболлари белгилаб олинди. Ҳоким томонидан инвесторларга қулай шарт-шароитлар яратиш, бошланган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди.
Учрашувдан сўнг делегация аъзолари Каркидон сув омбори ҳудудида барпо этилаётган замонавий туризм зонаси билан яқиндан танишди. Мажмуада амалга оширилаётган қурилиш ишлари, табиий масканнинг туристик салоҳияти ва келгусида ишга тушадиган инфратузилмалар меҳмонларда катта таассурот уйғотди. Туркиялик сармоядорлар мазкур ҳудудни халқаро даражадаги дам олиш ва экотуризм марказига айлантириш бўйича қатор ғояларни билдирдилар.
Шу билан бирга, делегация туманда ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш учун ажратилиши кўзда тутилган ер майдонлари билан ҳам танишди. Инфратузилмавий имкониятлар, логистика тизими ва кадрлар салоҳияти борасида батафсил маълумот берилди. Инвесторлар томонидан саноатни ривожлантириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган ташаббуслар билдирилгани эътиборга молик.
Ташриф қадрли меҳмонлар ва Қува тумани раҳбарияти ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамловчи, келажакдаги йирик инвестиция лойиҳаларининг пойдеворини яратувчи муҳим қадам бўлди.