Қува тумани тадбиркорлари Хитойда амалий музокаралар ўтказмоқда
Аввал хабар берганимиздек, Қува тумани ҳокимининг ўринбосари У.Мадаминов бошчилигидаги бир гуруҳ тадбиркорлар амалий ташриф билан Хитой Халқ Республикасида бўлиб турибди.
Ташриф доирасида тадбиркорлар Хитойнинг Хубэй провинцияси, Ухан шаҳридаги "Hubeiui Chunbo Construction Engineering Co LTD" компанияси раҳбарияти ҳамда маҳаллий бизнес соҳа вакиллари билан учрашув ўтказдилар. Учрашувда Қува туманида амалга оширилиши режалаштирилган инвестициявий лойиҳалар юзасидан тақдимотлар намойиш этилди.
Музокаралар жараёнида қурилиш, туризм ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишларида ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди. Шунингдек, Хитойлик инвесторларнинг жорий йил август ойида Фарғона вилоятига амалий ташриф буюриши бўйича келишувга эришилди.
Ушбу ташриф икки давлат тадбиркорлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги инвестиция лойиҳаларини йўлга қўйиш ва турли соҳаларда қўшма ишланмаларни амалга оширишга хизмат қилади.