Қува туманида Оқсоқоллар кенгаши ва ота-оналар гуруҳлари аъзолари иштирокида учрашув бўлиб ўтди
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 11–12 июль кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида Қува туманида ўтказилган фаоллар йиғилишида нуронийлар, имом-хатиблар, маҳалла фаолларидан иборат Оқсоқоллар кенгаши ва ота-оналар гуруҳларини ташкил этиш таклифи илгари сурилган эди.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида туманда нуронийлар, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик вакилларидан иборат Оқсоқоллар кенгаши ҳамда ота-оналар гуруҳлари тузилди.
Бугун туман ҳокимлигида ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар юзасидан туман фаоллари иштирокида учрашув ўтказилди.
Учрашувда “Ўзбекистон Қаҳрамони”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Бошқаруви раиси, сенатор Содиқжон Турдиев, Фарғона вилояти “Нуроний” жамғармаси раиси Зокиржон Раҳмонов, Қува тумани ҳокими Халимжон Умаров, шунингдек вилоят бошқарма ва ташкилот раҳбарлари ҳамда туман фаоллари иштирок этдилар.
Учрашувда ёшлар тарбияси, маънавият ва маърифатни юксалтириш, маҳаллаларда соғлом муҳитни таъминлаш, авлодлар ўртасидаги узвийликни кучайтириш масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, Оқсоқоллар кенгаши ва ота-оналар гуруҳлари фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мазкур ташаббуслар юртимизда соғлом муҳитни шакллантириш, ёшларни маънавий-маърифий руҳда тарбиялаш ва оилалардаги барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.